Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан директор табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талаба-ёшлар!
Сизларни янгиланиш ва баҳор айёми бўлган Наврўз билан самимий муборакбод этаман! Халқимиз ушбу байрамни интиқлик билан кутиб, жуда кўтаринки кайфият билан нишонлайди. Шаҳримизнинг ҳар бир хонадонига аллақачон байрам кайфияти кириб борди. Шу ўринда филиалимизда ҳам Наврўз шодиёналари давом этмоқда. Профессор-ўқитувчилар, барча ходимлар ҳамда талабалар билан ҳамжиҳатликда сумалак сайлини ўтказдик. Авваламбор, мана шу кунларга етказганига минг шукурлар бўлсин.
Неча асрлардан буён аждодларимиз интизорлик билан кутиб олган бу қутлуғ айём биз учун нақадар қадрли ва кўнглимизга яқин эканлигини сўз билан таърифлаш қийин. Мана, диёримиз узра баҳорнинг, Наврўзнинг эпкини кезиб юрибди. Барчанинг қалбида эзгу ниятлар, янги кунлардан умид бор. Боиси, Наврўз биз учун, аввало, энг қадимий, миллийлигимизни, қадриятларимизни ўзида мужассам этган умумхалқ байрами ҳисобланади. Шу билан бирга, ўзаро меҳр-мурувват, саховат ва ўзликни англаш тимсолидир. Аввало, табиат уйғониб, Наврўз кайфияти кўнгилларни нурафшон қилаётган шундай бахтли лаҳзаларга эсон-омон етканимизнинг ўзи биз учун олий бахт эканлигини англашимиз керак. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимизда ҳар бир инсон ўз қалбидаги эзгу тилакларини, ниятларини амалга ошириш, ҳаётга, ота-онаси, яқинлари билан дўстларига бўлган меҳр ва муҳаббатини билдиришга ҳаракат қилади. Халқимизнинг миллий байрами – Наврўз барчамизни инсонийлик, ватанпарварлик, меҳнатга тарбиялаш, имон-эътиқод, тинчликнинг қадрига етиш, меҳр ва мурувватли бўлиш руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, бугунги кунда Наврўз байрамининг тарбиявий аҳамияти янада ортиб, мустақил юртимизнинг талаба ёшлари қалбида Ватанга муҳаббатни шакллантиришдек улкан вазифани амалга оширмоқда. Биз ҳамиша юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига, халқимиз доим байрамлар оғушида бўлишига, шу муқаддас диёримизга кўз олайтирганларнинг ғаразли ниятлари ҳеч қачон амалга ошмаслигига мустаҳкам ишонч билан қарашимиз лозим. Тинчлик-бизга берилган энг улуғ неъмат. Атрофимизга қараб, нақадар осмони мусоффа, одамлари беғубор, сокин юртда фаровон ҳаёт кечираётганимизнинг гувоҳи бўламиз. Демак, ҳар куни шукуроналар келтиришни канда қилмасилигимиз лозим. Наврўз байрами айнан шу шукуроналикни қалбимизга жойлаб, ўзи билан эзгуликни олиб келади. Фурсатдан фойдаланиб, Республикамиз халқини, азиз устозларни, филиал ходимларини ва талаба-ёшларни яна бир марта Наврўз умумхалқ байрами билан кўтаринки кайфиятда, катта мамнуният билан табриклайман! Илойим байрам шукуҳи ҳар бир хонадонга кириб бориб, қалбимизда эзгу ниятларни уйғотсин. Сиз орқали ҳар бирингизнинг оилангизга соғлик-саломатлик, баракали дастурхонингизга мўл рисқу насиба тилайман. Ҳаётнинг ширин ташвишларига кўмилиб, елиб-югуриб юриш барчамизга насиб этсин! Халқимизнинг фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатингизда куч-қувват тилайман! Қалбимдаги жамийки эзгу ниятларни сизга йўллаб қоламан. Наврўз шодиёнаси муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали директори
скачать dle 12.1