Филиал талабаларига мутахассислар томонидан семинар-тренинг ташкил этилди
Жорий йил 29 октябрь куни Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида “Чорвачилик хўжаликларини бошқаришнинг замонавий технологиялари-Ўзбекистон учун қийинчиликлар ва истиқболлар” мавзусида семинар тренинг бўлиб ўтди. АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташаббуси остида филиал Халқаро алоқалар бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинарда Агробизнесни ривожлантириш бўйича мутахассис У.Сайфудинов, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) нинг Қорақалпоғистондаги координатори А.Қурбанбаев, “Panaev farms” фермер хўжалиги раҳбари Т.Панаев, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Т.Ибраимов, филиал матбуот котиби З.Хожамуратова, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди. Филиал директори Адилбай Есимбетов семинарни кириш сўзи билан очиб бериб, ташриф буюрган меҳмонларни таништириб ўтди. Шундан сўнг У.Сайфудинов сўзга чиқиб мазкур семинарни ташкил этишдан асосий мақсад талаба-ёшларга Қорақалпоғистон Республикасидаги чорвачилик тармоқлари ҳақида умумий маълумотларни бериб ўтиш, бўлажак мутахассисларда келгусида амалиётда уларни нималар кутаётганлиги бўйича аниқ тушунчаларни ҳосил қилиш ва талабаларнинг таклиф ва эхтиёжларини ўрганишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди. Семинар давомида чорвачилик тармоғидаги учраётган муаммо ва камчиликлар кенг муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш усуллари бўйича бир қатор тавсиялар бериб ўтилди. Жумладан, аҳоли орасида талаб юқори бўлган гўшт ва сут маҳсулотларининг бозордаги нарҳи ва сифати таҳлил этилди, терини қайта ишлашда учрайдиган муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари тушунтирилди. Шунингдек зотдор молларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичлари рацион асосида озиқлантириш эвазига яхшиланиши ҳамда озуқадан оқилона фойдаланиш уларда учрайдиган турли касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиши борасида сўз юритилди. Тимур Панаев ўзининг иш тажрибасини талабалар билан бўлишар экан: “Мен ўз ишимни янада ривожлантириш учун соғлом рақобат майдонини яратишга ҳаракат қилганман. Боиси, бундай шароитда сизнинг янги қирраларингиз очилиб, креатив ғояларни илгари сурасиз. Бунинг эвазига эса ҳаридорга тақдим этаётган маҳсулотингизнинг сифати янада ортиб боради”, — дея таъкидлаб ўтди. Шунингдек Қораўзак туманида жойлашган “Panaev farms” фермер хўжалигига асос солинганидан бошлаб бугунги кунга қадар фаолияти акс этган видеороликни иштирокчилар эътиборига ҳавола этди. Филиал талабалари тадбир давомида А.Қурбанбаев ва Т.Панаевларнинг иш фаолияти ва амалий тажрибалари бўйича батафсил маълумотларга эга бўлиши билан биргаликда, ўзлари учун яхши мотивация олишди. Семинар якунида савол-жавоб қисми бўлиб ўтди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, Тимур Панаев томонидан семинар доирасида Қораўзак туманидаги “Panaev farms” фермер хўжалигига талабалар иштирокида саёҳат ташкил этиш таклифи билдирилди ва мазкур таклиф филиал раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди. Бугунги семинар қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали Ахборот хизмати
скачать dle 12.1