Филиалда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мусобақа ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида миллий спорт турлари бўйича талаба-йигитлар ўртасида филиал биринчилиги ўтказилди. Мусобақани филиал директори А.Есимбетов очиб бериб, байрам билан барчани самимий муборакбод этиб, иштирокчиларга омад тилади. Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Е.Сейтмуратов ва бўлим услубчиси А.Сейткамалов мусобақани олиб борди. Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари ҳам иштирок этиб, талаба ёшларни қўллаб-қувватлаб турдилар. Жами 70 нафар талабалар иштирок этган мусобақа арқон тортиш, турникга тортиниш ҳамда тош кўтариш турлари бўйича ўтказилди. Ватанпарварлик ойлигини юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда шижоатли талабаларимиз ўзаро куч синашди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси Қ.Уразбаев мусобақанинг холис ва ҳаққоний ўтишини таъминлади. Қизғин баҳсларга бой кечган ва ғолиблик учун дўстона кураш олиб борилган мусобақа якунида Зооинженерия (асаларичилик) йўналиши 1-босқич 213-гуруҳ талабалари фаҳрли 1-ўринни эгалладилар. Шунингдек, Зооинженерия:Йилқичилик ва туячилик йўналиши 1-босқич 210-гуруҳ 2-ўрин, Ветеринария медицинаси йўналиши 1-босқич 208-гуруҳ талабалари эса 3-ўринни қўлга киритдилар. Барча ғолиб жамоалар филиал директори А.Есимбетов томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкиллаштирилган филиал биринчилиги завқли тарзда бўлиб ўтди.
скачать dle 12.1