Қуёнчилик катта харажат талаб қилмайдиган, аммо сердаромад тармоқ ҳисобланади
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қуёнчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда. Қуён етиштиришни яхши йўлга қўйиш орқали эса бугунги кунда янги иш ўринлари яратилмоқда.
Бугун Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида айнан қуёнчилик соҳаси бўйича ўз ичига долзарб мавзуларни қамраб олган семинар ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев, филиал директори А.Есимбетов, соҳа вакиллари, қуёнчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳамда филиал профессор-ўқитувчилари қатнашди. Р.Сапарбаев тадбир бошида сўз олиб, Республикамизда қуёнчилик соҳасини ривожлантириш йўналишида сезиларли ишлар ҳамда йирик лойиҳалар амалга оширилиб келинаётганлигига тўҳталди. Шунингдек, Р.Сапарбаев ўз нутқида бугунги ташкил этилаётган семинарнинг аҳамияти ҳақида алоҳида гапириб ўтди.
Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан наслли қуёнларни уй шароитида парвариш қилиш, уларни интенсив кўпайтириш усуллари, замонавий ускуналардан қандай фойдаланиш керак эканлиги, қуёнларнинг соғлигига алоҳида эътибор бериш ва уларни тўғри озиқлантириш хусусида қизиқарли ва фойдали маърузалар олиб борилди. Иштирокчиларга мавзу бўйича тўлақонли маълумотлар бериб ўтилди. Жумладан, "Зооинженерия" кафедраси мудираси А.Торешова ва «Иқтисодиёт ва гуманитар» фанлар кафедраси мудири П.Хожалепесовлар семинар қатнашчиларига зарур тавсияларни бериб ўтди.
Сир эмаски, гўшт маҳсулотлари орасида қуён гўшти инсонлар истеъмол қилиши учун ўта фойдали эканлиги исботланган. Қолаверса, қуён териси ишлаб чиқаришда ҳам яхшигина асқотади. Шу боис, қуёнчилик жаҳонда сердаромад соҳа ҳисобланади. Юртимизда ҳам ушбу тармоқни жадал ривожлантириш ва жаҳон тажрибасини ўрганиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, қуёнчилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулай муҳит ва зарур шароитлар яратилиб, катта миқдорда банк кредитлари ажратилмоқда.
Энг муҳими эса буларнинг самараси ўлароқ янги иш ўринлари яратилди. Бугунги ташкил этилган семинарда соҳада юзага келадиган муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбир доирасида қуён гўштидан тайёрланган мазали миллий таомлар меҳмонларга тортиқ қилинди. Семинар иштирокчилари қуёнчилик йўналишида жуда фойдали ва зарур маълумотларга эга бўлишди.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1