Қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари таваллудининг 75 йиллигига бағишланади
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида «Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Муса Тажетдинович Ерниязов–ёшлар қалбида» номи остида хотира кечаси ўтказилди. Ушбу тадбирга филиал раҳбарияти, Нукус транспорт техникуми директори, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими» Т.Дошекенов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди А.Абдиев, тьюторлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди. Адилбай Есимбетов тадбирни кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Муса Тажетдинович Ерниязовнинг Қорақалпоғистон Республикасининг ривожланиши ва халқимизнинг турмуши фаровон бўлишига қўшган катта ҳиссаси ҳақида гапириб, бугунги хотира кечасининг аҳамиятига тўхталди.
Шундан сўнг йиғилганларга М.Т.Ерниязовнинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар, Муса Тажетдинович Ерниязов ўзининг деярли 50 йилга яқин фаолияти давомида Республикамизнинг тараққий этиши ва ривожланиши йўлида амалга оширган кенг кўламли ишлари, Қорақалпоғистоннингиқтисодий потенциалини оширишга ва четки қишлоқларни ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу борада салмоқли ишларни амалга оширганлиги ва қорақалпоқ халқига фаровон турмушни яратиб бериш учун тер тўкиб меҳнат қилганлиги ҳақида сўз юритди.
Хотира кечаси давомида Муса Тажетдинович Ерниязовнинг раҳбар сифатида узоқни кўра билиш қобилияти, ҳар қандай муаммога холисона ёндашуви ва энг асосийси адолатли раҳбар бўлгани халқнинг ишончини қозонишга кўплаб сабаблардан бири бўлганлиги, ундаги энг олий инсоний фазилатларни бутун халқ ҳурмат қилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, талаба-ёшлар Муса Тажетдиновичнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга ва уларни ҳар томонлама билимли қилиб тарбиялашга, олий таълим соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу соҳада ютуқларга эришган ёшларни муносиб тақдирлаб, уларга жуда кенг имкониятларни яратиб берганлиги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Муҳтарам Президентимиз таъриф бериб ўтганларидек: «Муса Ерниязов қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди». Республикамизнинг тараққиётига катта ҳисса қўшган қаҳрамонлар чин маънода халқнинг ҳурматига сазовор бўлади. Муса Тажетдинович Ерниязов амалга оширган эзгу ишлари ва хотираси бутун қорақалпоқ халқининг қалбида мангу муҳирланиб қолади.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1