“Карьера куни”: битирувчиларга янги имконият эшикларини очиб беради
Маълумки, сўнгги йилларда Ветеринария ва чорвачилик соҳасини изчил ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар самараси ўз аксини топмоқда. Айниқса, ушбу соҳада етук билимга эга бўлган кадрларни тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ёш мутахассислар таълим олиб келмоқда. 2022-2023 ўқув йилида бакалавриатнинг 3 та йўналиши бўйича битириб чиқадиган жами 73 нафар талаба-ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун филиалда айнан мана шу мақсад билан “Карьера куни” ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Б.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси “Чорванасл” маркази директори Қ.Пирназаров, филиал раҳбарияти, қарийб 40 га яқин корхона ва ташкилот ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари қатнашди. Тадбирни ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров кириш сўзи билан очиб бериб, ташриф буюрган меҳмонларни таништириб ўтди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар, давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қатор фармон ва қарорларнинг ижроси таъминланиб,ўзининг самарали натижасини бераётганлиги ҳамда филиалда таҳсил олаётган талаба-ёшларга яратиб берилаётган имкониятларга тўхталди. “Карьера куни”га ташриф буюрган иш берувчилар битирувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг келгусидаги мақсадлари ва режалари билан қизиқди. Шунингдек, тадбирда тақдимотлар ўтказилди, ўзаро фикр алмашилди.
— Битирувчиларини иш берувчиларга тавсия этиш мақсадида ташкил этган “Карьера куни”га иштирок этган корхона ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари ва битирувчилар ўртасида уч томонлама шартномаларни имзолашга эришдик—дейди маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Д.Каниязов—Талабаларимиз соҳа мутахассислари билан олиб борилган мулоқот давомида фойдали маълумотларга эга бўлиш билан бирга ўз таклифларини билдирдилар. “Карьера куни” тадбири битирувчи ёшларга ҳар томонлама манфаатли бўлди. Филиалда битирувчиларни иш билан таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш масаласи ҳар доим устувор вазифалардан бири сифатида белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз бўлади.
скачать dle 12.1