"Ҳаёт гўзал, умр бебаҳо” шиори остида талаба-ёшлар орасида семинар-тренинг ўтказилди
Филиал талабаларининг хулқ-атвори, қизиқишлари ва муносабатларининг психологик хусусиятларини мунтазам равишда ўрганиб бориш ҳамда уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини янада орттириб бориш мақсадида филиал психологи томонидан семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда. Навбатдаги мана шундай тренинглардан бири "Ҳаёт гўзал, умр бебаҳо” шиори остида талаба-ёшлар орасида ўтказилди.
Дастлаб, М.Алламуратова иштирокчиларни семинарнинг мазмуни ва аҳамиятли жиҳатлари билан таништириб ўтди. Шундан сўнг умр ҳар биримизга берилган бебаҳо неъмат эканлиги, ҳаётимизни мазмунли ва манфаатли тарзда кечиришимиз керак эканлиги хусусида нутқ сўзлаб, талабаларга тегишли тушунчаларни берди. Семинар давомида қизиқарли психологик машқлар ва ўйинлар ўтказилди. Жумладан, “Яшаш учун 1001 та сабаб” шиори остида ҳар бир иштирокчи томонидан "Ҳаёт гўзал, умр бебаҳо” деган чиройли жумлалар туширилган плакатга нима учун яшаш керак эканлиги ва ҳаётни севиш бўйича мазмунли иборалар битилди. —Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзаси биз учун бебаҳо неъмат. Талаба-ёшларга ушбу мавзу бўйича тушунча бериш менга завқ бағишлайди. Ўтказилган семинарларда уларнинг фаол иштирок этиши ва интилишлари мени қувонтиради. Шунинг учун семинарларни номига эмас, мазмунли ва қизиқарли ўтказишга ҳаракат қиламан —дейди психологимиз М.Алламуратова. Шунингдек, психолог томонидан барча гуруҳ талабаларидан мавзуга оид тестлар олиниб, натижалари психологик таҳлил қилиниб борилмоқда. "Ҳаёт гўзал, умр бебаҳо” шиори остида ўтказилган семинар-тренинг иштирокчиларда ижобий таассуротларни қолдирди.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1