Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан директор табриги
Жорий йил Бош Қомусимиз- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини ўзгача тантана билан нишонламоқдамиз. Ушбу қутлуғ байрам муносабати билан халқимизни, бутун филиал жамоасини самимият билан табриклайман!
Ўтган 30 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз фаровонлиги, тараққиётимизнинг ҳуқуқий асоси ва барча соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизи бўлиб хизмат қилди. Ушбу тарихий муҳим ҳужжат жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашимиз ва бизнинг тинч ва осойишта турмуш кечиришимиз учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтаб келмоқда.
Атрофга диққат билан назар солиб, одамларни кузатсангиз уларнинг қалбидаги хотиржамлик ва шукроналик ҳиси кўзларидаги беғубор шодликда акс этганлигини илғайсиз. Бунинг замирида эса ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан кафолатланганлиги мужассам.
Эмин-эркин турмуш кечираётганлигимизни ҳар бир олаётган нафасимизда ҳис қилишимиз биз учун энг олий бахт деб ўйлайман. Бугун мамлакатимизда жадаллик билан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар порлоқ келажак сари дадил қадам бўлиб ҳисобланади. Бош Қомусимиз эса тараққиёт йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимизнинг самарали натижасини таъминлаб беради. Барча соҳаларни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган муҳим маъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бизнинг эртанги кунимизни белгилаб беради. Конституция халқимизнинг бахтли яшаши учун замин яратиб беради ва унинг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Халқ ва жамият манфаатлари устун бўлган давлат фуқароси эканлигимиз бизга янада куч-ғайрат бағишлайди.
Бош Қомусимиз- бизни миллат сифатида дунёга танитади, обрў-эътиборимизни белгилаб беради. Шунингдек, ёрқин истиқболимизни таъминлаб берувчи бош Қонун ҳисобланди. Ўз ўрнида ҳар биримиз Конституциямизнинг мазмун ва моҳиятини теран англаб етишимиз, уни яхши билишимиз ва ўсиб келаётган ёш авлодга бу борада кенг тушунчаларни бериб боришимиз зарур. Мана шуларни инобатга олган ҳолда, филиалда таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини янада орттириб бориш ва қонунларга қатъий риоя этиш керак эканлигини уқтириш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш ва тадбирларни ташкил этишни яхши йўлга қўйиб келмоқдамиз.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаб берувчи, шунингдек давлатимиз обрўсини белгилаб берган тарихий ҳужжатнинг қабул қилинганлигига ҳам 30 йил тўлмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир марта қутлуғ айёмимиз- Бош Қомусимиз-қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан муборакбод этаман! Қонун устувор бўлган жамиятда турмуш кечираётганлигимиз ва унинг бир бўлаги эканлигимиз билан қанча ғурурлансак, шунча арзийди. Шу билан бирга ҳар биримиз зиммамиздаги масъулият юкини ҳис қилган ҳолда, юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларга ўзимизнинг эзгу ҳиссамизни қўшишга астойидил ҳаракат қилишимиз керак. Илойим, тинчлигимиз бардавом бўлсин!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов
Биология фанлари доктори, доцент
СамДВМЧБУ Нукус филиали директори
скачать dle 12.1