Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 4-сон мактаб-интернати ўқувчиларига совғалар топширилди
Барчамизга маълумки, 3 декабрь санаси дунё бўйлаб Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланади. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директор Адилбай Есимбетов раҳбарлигида ушбу сана муносабати билан пойтахтимиздаги 4-сонли ихтисослаштирилган кар ва эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернатига ташриф буюриб, у ердаги тарбияланувчи ўқувчилардан хабар олди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Таълим соҳасини ривожлантириш бўлими” бошлиғи А.Сафаров, Ёшлар масалалари бўйича ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари С.Ганиев, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров, Ахборот хизмати раҳбари З.Хожамуратова, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Сейткамалов, Ветеринария ва зооинженерия факультети декани А.Каниязов, декан муовини Е.Сейтмуратовлар ҳамда талаба-ёшлар ҳамроҳлик қилишди. Ташриф аввалида А.Есимбетов мактаб-интернат директори Р.Каландарова билан самимий мулоқот олиб бориб, бу ерда яратилган шароитлар хусусида суҳбатлашдилар. Шундан сўнг, мажлислар залига мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари тўпланишди А.Есимбетов ва А.Сафаровларсўзга чиқиб, болажонларга ўзларининг эзгу тилакларини билдиришди ҳамда тарбиячиларга савобли ишларида муваффақиятлар тилади. Болажонларнинг кўнглини кўтариш ва уларга яхши кайфият бағишлаш мақсадида уларга совға-саломлар топширилди. Ҳозирги кунда жами 224 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу мактаб-интернатида барча замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, шинам ўқув хоналари, кутубхона, спорт зал, ошхона, лаборатория ва робототехника хонаси мавжуд бўлиб, ўқувчилар расм чизиши, қизларнинг тўқимачилик ва тикув билан шуғулланиши учун турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Филиал раҳбарияти ва талаба-ёшлар ушбу шароитлар билан яқиндан танишиб батафсил маълумотларга эга бўлишди. Маълумот учун, 2021 йилда Zamin фонди томонидан мактабга 158 та эшитиш аппарати ажратилди ва ёрдамчи ускуналар билан таъминланади. Шунингдек, жорий йилда мактабни тамомлаган ўқувчиларга фонд томонидан 13 та эшитиш аппарати берилди. Ушбу фонд мактабнинг якка машғулот олиб бориладиган хоналари учун эшитиш қобилиятини кучайтириш аппаратлар билан ҳам таъминлаб берди. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга меҳр-оқибат кўрсатишга катта аҳамият қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам энг муҳим масала сифатида қаралиб, қонун билан тасдиқланганлиги барчамизга маълум. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, филиал жамоаси бугун 4-сонли ихтисослаштирилган кар ва эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернатида таҳсил олаётган ўқувчиларга меҳр ва қувноқ кайфият улашиш учун астойидил ҳаракат қилишди. Жажжи болажонларнинг кўзларидаги беғуборлик қалбимизга янада илиқлик бағишлади. Мана шундай эзгу ишларни амалга оширишда филиал раҳбарияти талаба-ёшларга яхши ўрнак бўла олганлигига умид қиламиз.
скачать dle 12.1