Филиалда илк марта китоб тақдимоти ўтказилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида 15 ноябрь куни Ахборот хизмати раҳбари Зийўар Хожамуратованинг ташаббуси билан Зооинженерия (турлар бўйича) йўналиши 2-босқич 211-гуруҳ талабаси Турсинбаева Ирода Шукрулло қизининг "Ижодим дебочаси" номли илк шеърий тўпламининг тақдимоти ташкил этилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди А.Абдиев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Р.Отарбаев, Ёшлар масалалари бўйича ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари С.Ганиев, Ахборот хизмати раҳбари З.Хожамуратова, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Сейткамалов, декан муовини Е.Сейтмуратов ҳамда талабалар қатнашди. С.Ганиев ўз кириш сўзида филиал талабалари орасида биринчилардан бўлиб ўз шеърий тўпламини чоп этиб, қобилиятини намоён қила олган талаба- И.Турсинбаевани самимий қутлаб, залдаги барча ёшларга ўрнак сифатида кўрсатиб ўтди. Тақдимот кечасини З.Хожамуратова олиб борди ва сўз навбатини ҳурматли меҳмонларга берди. Ижодкор талабамизнинг устози, ушбу китобни нашр этишда ёқиндан ёрдам берган А.Абдиев сўзга чиқиб, Ироданинг жуда иродали қиз эканлиги, интилувчанлиги ва алоҳида қобилияти билан ажралиб туриши ҳақида тўхталиб, китоб ҳақида маълумот бериб ўтди. Жумладан, 30 та шеърни ўз ичига олган ушбу тўплам "AVANGARD-BASPA" нашриёти томонидан босиб чиқарилганлиги ва Ироданинг ижодга қўйган илк қадами қутлуғ бўлишидан умидвор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шоир Р.Отарбаев ҳам китоб ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирди. Ахборот-ресурс маркази бўлими бошлиғи Ж.Халмуратова, Зооинженерия кафедраси мудири А.Торешова ва декан муовини Е.Сейтмуратовлар сўзга чиқиб Турсинбаева Иродани самимий табриклаб, келгусидаги фаолиятига омадлар тилади. Тадбир давомида талабалар орасида ўз қобилиятини юзага чиқаришда фаоллик кўрсатганлиги учун ижодкор талаба-қизимиз филиал раҳбарияти томонидан ташаккурнома билан тақдирланди. Шунингдек, А.Торешова ва тьютори Э.Джумабаева бошчилигида гуруҳдошлари томонидан совғалар топширилди. Бадиий кеча китоб мазмуни асосида савол-жавоб билан давом эттирилди. Юксак савияда такшил этилган тадбир сўнгида кун қаҳрамони минбарга чиқиб, ўзининг ҳаёжонли таассуротлари билан бўлишди ва китобни нашр этишда яқиндан ёрдам берган устозлари А.Абдиев ҳамда З.Хожамуратоваларга ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳор этиб ўтди. Ветеринария соҳасида таҳсил олаётган талабалар орасида ҳам мана шундай ижодкор ёшларимиз бор эканлиги бизни жуда севинтирди. Албатта, булар замирида мамлакатимизда ёшларга яратилиб берилаётган кенг имкониятлар мужассам эканлигини бот бот таъкидлаб ўтгимиз келади. Интилувчан, қобилиятли ва жуда самимий бўлган ижодкор талабамизнинг келажаги жуда порлоқ эканлигига катта ишонч билдирамиз!
скачать dle 12.1