Факультетда "Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик" мавзуси доирасида учрашув ўтказилди
Жорий йил 15 ноябрь куни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг мажлислар залида «Ветеринария ва зооинженерия» факультети томонидан 16 ноябрь Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик-тинчлик ва тараққиёт асоси» шиори остида учрашув ташкил этилди. Ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Р.Отарбаев, «Ветеринария ва зооинженерия» факультети декани А.Каниязов, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Е.Сейтмуратов, факультет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар қатнашди.
А.Каниязов тадбир бошида сўз олиб, Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка қаратилаётган юксак эътибор, турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда турмуш кечириши, биргаликда тотув яшаши учун замин яратиб бериш муҳим вазифалардан бири эканлиги ҳақида тўхталди ва ташриф буюрган меҳмонни залдагиларга таништириб ўтди. Шундан сўнг Р.Отарбаев сўзга чиқиб, ҳозирги турли миллат вакиллари билан жипслашиб, биргаликда кечаётган тинч ва осуда ҳаётимизнинг ҳикматини теран англаб етиш, айниқса, талаба-ёшлар онгу тафаккури ва қалбига ушбу ғояларни сингдириш, бугун дунё бўйлаб тобора оммавийлашиб бораётган интернет тармоқларидан тўғри ва эзгу мақсадларда фойдаланиш зарур эканлиги хусусида фикр ва мулоҳазаларни билдирди.
Е.Сейтмуратов ўз нутқида диний бағрикенглик ўзаро биродарлик бизнинг энг олий инсонийлик фазилатларимизни акс эттирувчи кўзгу эканлигини, Ўзбекистонда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил ва иноқликда яшаб, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка чин маънода намуна бўлаётганлигини ва ҳозирги кунда филиалда 6 га яқин миллат вакиллари талаба-ёшлар билан дўстона муҳитда ва ҳамжиҳатликда таҳсил олаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Файзли даврада ўтказилган ушбу учрашув давомида талаба-ёшлар мавзу доирасида кенг ва батафсил тушунчаларга эга бўлиш билан биргаликда ўз фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдиришди.
скачать dle 12.1