Директор: Менга номига ўталган амалиёт, номига ёзилган ҳисоботлар эмас, аниқ ижобий натижа керак
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талабаларга мутахассислиги бўйича таълим беришда назарий ва амалий билимлар уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилишини ҳар дойим эътироф этиб келмоқдамиз. Айниқса, филиал директори Адилбай Есимбетов томонидан талабалар амалиёти масаласига жиддий ёндашилади. Айни кунларда ветеринария медицинаси йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабалар ишлаб чиқариш амалиётини ўтамоқдалар. Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг буйруғи асосида туманларда истиқомат қиладиган талабалар қўмитанинг бўлимларига амалиёт ўташ учун юборилди. Филиал директори Адилбай Есимбетов амалиёт жараёни билан шахсан ўзи яқиндан танишиш, талабаларнинг қандай амалий билим ва кўникмаларни ўзлаштираётганлигидан хабардор бўлиш ҳамда назорат қилиш, шу билан бирга амалиётчи талабаларга мотивация бериш мақсадида Тахтакўпир, Қараўзак ва Чимбой туманларига ташриф буюриб, амалиёт ўтаётган талаба-ёшлардан хабар олди. Ушбу туманларнинг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларида амалиёт ўтаб, ўз кўникмаларини янада мустаҳкамлаётган талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, жараёнларни кўздан кечирди. Бу ерда бириктирилган амалиёт раҳбарлари ва талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, улардан ўз фикр ва таклифларини бемалол билдиришларини сўради. —Бўлажак ветеринарлар учун амалиёт даври ўта муҳим ҳисобланади. Талабаларимиз устозларидан олган назарий билимларини амалий тажрибалар билан мустаҳкамламай туриб, яхши мутахассис бўла олмайди. Шу боис биз амалиёт жараёнлари юқори даражада ташкил этилиши учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Менга номига ўталган амалиёт, номига ёзилган ҳисоботлар эмас, аниқ ижобий натижа керак. Бунинг учун биринчи навбатда бизлар зарур шароитларни яратиб берамиз, ундан кейин талабалардан натижа талаб қиламиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас —дейди филиал директори Адилбай Есимбетов. Тахтакўпир, Қараўзак ва Чимбой туманларига ташриф давомида директор томонидан амалиёт жараёнлари диққат билан ўрганилди. Бўлимлардаги тегишли масъуллар билан мулоқот олиб борилиб, тегишли тавсия ва топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳар бир талаба билан алоҳида суҳбат олиб бориб, уларнинг фикр ва мурожаатларини тинглади. Раҳбарнинг мана шундай жонкуярлиги натижасида филиалда талабалар амалиётини юқори даражада ташкил этиб бориш ижобий йўлга қўйилмоқда десак муболаға бўлмайди. Амалиёт ўтаётган талабалардан фақат яхши натижаларни кутиб қоламиз.







Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1