SAMARQAND DAVLAT VETERINARIYA MEDITSINASI, CHORVACHILIK VA BIOTEXNOLOGIYALAR UNIVERSITETI NUKUS FILIALIҚозоғистонлик профессор филиал талабаларига дарс ўтмоқда » SAMARQAND VETERINARIYA MEDITSINASI INSTITUTI NUKUS FILIAL
SAMARQAND DAVLAT VETERINARIYA MEDITSINASI, CHORVACHILIK VA BIOTEXNOLOGIYALAR UNIVERSITETI NUKUS FILIALI
Telefon
+998 61 224 71 09
E-mail
samvminf@edu.uz
SamDVUNF » Yangliklar » Қозоғистонлик профессор филиал талабаларига дарс ўтмоқда
Қозоғистонлик профессор филиал талабаларига дарс ўтмоқда
Олдин хабар берганимиздек, филиалга Қозоғистон Республикасининг Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университетининг «Микробиология ва вирусология» кафедрасининг профессори Мықтыбаева Рая Жақсыгуловна ташриф буюрган эди. Айни кунларда қозоғистонлик профессор ветеринария-санитария экспертизаси йўналишида таҳсил олаётган талаба-ёшларга дарс ўтмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад талаба-ёшларининг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлаш, филиалдаги таълим тизимига нуфузли ОТМ профессор-ўқитувчиларини кўпроқ жалб қилиш, Қозоғистоннинг илғор таълим тизимини ўзлаштириш ва ўзаро тажриба алмашишдан иборат. —Менинг Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалига илк бор ташриф буюришим. Филиал раҳбарияти мени жуда яхши қабул қилди— дейди Р.Мықтыбаева—Бу ернинг муҳитига жуда тез мослаша олдим. Бунда филиал жамоасининг меҳмондўстлиги ва талабаларнинг билим олишга бўлган интилиши менга яхшигина замин яратиб берди. Талабаларнинг тиришқоқлиги ва фаоллиги дарслар давомида яққол сезилиб туради. Мен ўзим ҳам улар билан бирга янги кўникмаларни ўзлаштириб бормоқдаман.
Р. Мықтыбаева филиал матбуот котиби билан ўзининг самимий таассуротларини ана шу тарзда бўлишмоқда. Талабаларга замонавий педагогик технология асосида дарслар ўтилиб, мутахассислик фани бўйича уларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда. Олиб борилаётган машғулотлар эса келгусида ўзининг самарали натижасини бериши аниқ. Филиал бугунги кунга келиб, қарийб 15 га яқин хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномалари ва меморандумларни тузишга муваффақ бўлди. Хорижий ОТМнинг профессори филиалга келиб, талабаларга дарс ўтиш тажрибаси жорий йил илк марта амалга оширилмоқда. Албатта, бунинг замирида нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ижобий йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижаси мужассам. Келгусида икки томонлама тузилган шартномалар асосида профессор-ўқитувчиларнинг алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Мамлакатимизда ёшлар таълимига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг бир намунаси сифатида кенг жамоатчиликка кўрсатиш мақсадида бугун «Қарақалпақстан» телеканалининг ижодий жамоаси томонидан ушбу ҳамкорлик асосида йўлга қўйилган дарс жараёнлари бўйича лавҳалар суратга олинди ва ушбу телеканал орқали эфирга узатилади. Қозоғистонлик профессор томонидан талаба-ёшларга дарс машғулотлари юқори савияда ташкил этилмоқда. Талабалар ҳам буни алоҳида эътироф этишмоқда.