«Чорвачиликдаги долзарб масалалар ечимига инновацион ёндашув» Анжумани ўтказилди
Жорий йил 27 октябрь куни Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида «Чорвачиликдаги долзарб масалалар ечимига инновацион ёндашув» номли Республика миқёсидаги илмий ва илмий техник анжумани ташкил этилди. Пойтахтимиздаги “Ёшлар маркази”нинг мажлислар залида бўлиб ўтган ушбу конференцияда ҳурматли меҳмонлар онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этишди. Жумладан, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Х.Юнусов, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори, профессор Э.Шаптаков, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг Инновацион фаолият, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, профессор С.Мавланов, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси М.Қайпанов, раис ўринбосари Қ.Пирназаров, соҳа олимлари ва тадқиқотчилари, таянш докторантлар, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.
Республика миқёсидаги илмий ва илмий техник конференциясини филиал директори Адилбай Есимбетов кириш сўзи билан очиб берди ва анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва унинги аҳамияти ҳақида тўхталди. У ўз нутқидан сўнг, сўз навбатини меҳмонларга берди. Анжуманга онлайн тарзда иштирок этган Х.Юнусов ҳамда бошқа меҳмонлар барча иштирокчиларни қутлаб, конференция муваффақиятли ўтишини тилади. Бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик бўйича амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни ва унинг аҳамиятини ҳар томонлама ўрганиб таҳлил қилиш, соҳа ва унинг тармоқларини изчил ривожлантириш учун илмий-услубий асосларини ривожлантириш ва зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб олиш ҳамда инновацион ёндашув асосида иш олиб бориш каби мақсадларни ўз ичига олган ушбу анжуман давомида маърузачилар сўзга чиқиб, соҳадаги долзарб масалалар бўйича маъруза қилди. Жумладан, “Қоракўлчилик соҳасида долзарб масалалар ва истиқболлар”, “Қорақалпоғистон шароитида ҳайвонларнинг эктопаразитларига қарши курашнинг янги самарадор усулларини ишлаб чиқиш” ҳамда Қорақалпоғистон шароитида бир ўркачли туяларнинг маҳсулдорлигини ошириш йўллари мавзулари асосида маърузалар олиб борилди. Конференция якунида Адилбай Есимбетов томонидан анжуман тегишли мавзулар бўйича кичик секцияларда давом эттирилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, конференцияда фаол иштирок этганларга фаҳрий ёрлиқ топширилди.
Анжуманда соҳага оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан ҳам савол ва таклифлар билдирилди. Бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик соҳасида эришилаётган ютуқларнинг самарали натижаси ва мавжуд муаммоларнинг аниқ ечимлари муҳокама қилинди. Бир сўз билан айтганда, бугунги "Чорвачиликдаги долзарб масалалар ечимига инновацион ёндашув" мавзусида бўлиб ўтган Республика миқёсидаги илмий ва илмий техник анжумани юқори даражада ташкил этилди.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1