Бирга мутолаа қиламиз шиори остида ҳақиқий заковат интеллектуал шоуси тақдим этилди
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчи ташаббусини амалда кенг татбиқ этиш, талаба-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини янада юксалтириш ва уларни китоб мутолаасига жалб этиш мақсадида филиал талаба-ёшлари орасида «Бирга мутолаа қиламиз» шиори остида заковат интеллектуал ўйини ўтказилди. Филиал директори Адилбай Есимбетовнинг қўллаб-қувватлаши остида Ахборот хизмати раҳбари З.Хожамуратова ҳамда Ахборот-ресурс маркази бўлими бошлиғи Ж.Халмуратовалар ташаббуси билан ташкиллаштирилган ушбу тадбир 60 дан ошиқ китобхон талаба-ёшларни бир жойга жамлаб, эзгу масқад сари йўналтира олди. Тадбир бошида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров, Ветеринария ва зооинженерия факультети декани А.Каниязов ҳамда Ж.Халмуратовалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда китобхонликни янада ривожлантириш ва тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган салмоқли ишларга ва китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг аҳамиятига тўхталди ва барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилаб ўтилди. Шундан сўнг ўйинга старт берилди. З.Хожамуратова ўз нутқида ушбу тадбирни ташкиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад ҳақида гапириб, ўйинни олиб борди. Китобхон ва билимдон талабалардан ташкил топган жами 10 та жамоа иштирок этган заковат интеллектуал ўйини жуда позитив руҳда ўтказилди. Ташкилотчилар томонидан ҳар бир нарса алоҳида эътиборга олиниб, иштирокчиларга ўзгача муҳит, ажойиб атмосфера яратиб берилди. Жумладан, ҳар бир ҳолатга мос фон мусиқалари, креатив тарзда безатилган заковат сандиқчаси, кайфият учун жамоа аъзоларига туҳфа қилинган шоколадлар, рангли расмлар иштирокчилар учун ҳақиқий профессионалларга ҳос заковат интеллектуал шоусини тақдим эта олди десак муболаға бўлмайди. Бошловчи З.Хожамуратова томонидан «Кичкина шаҳзода» китоби асосида тузилган бир-биридан қизиқарли саволлар ўзгача қувнок кайфиятда етказилди. Ҳар бир жамоа позитив кайфиятда ўйинга фаол қатнашди. Якуний натижаларга кўра, 3-ўринни зооинженерия (йилқичилик ва туячилик) йўналишининг 4-босқич талабаларининг «Позитив» жамоаси эгаллашган бўлса, 2-ўринни ўз зийраклиги билан бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича) йўналишининг 1-босқич 109-гуруҳ талабаларининг «Эверест» жамоаси эгаллади. Ветеринария медицинаси йўналиши 2-босқич 207-гуруҳ талабаларидан ташкил топган «Ўзбегим жамоаси» ўз топқирлиги ва билимдонлиги билан ўйиннинг мутлоқ ғолибига айланишди. Барча ғолиб жамоаларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ҳар бир жамоадан энг яхши жавоб берган иштирокчилар аниқланиб, уларга ҳам совғалар тақдим этилди. Талаба-ёшлар бугунги тадбирдан ўзларига юқори мотивация олганлиги ва мутолаага бўлган қизиқишлари янада ортганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Энди эса танланган 5 та китоб асосида заковат интеллектуал ўйини турига старт берилади ва финалда ғолиб жамоалар диплом ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади. Ана шу тарзда талабаларни китоб мутолаасига қизиқтириб, борган сари китобхон талабалар қамровини ошириб бориш режалаштирилмоқда. Бугунги «Бирга мутолаа қиламиз» шиори остида ўтказилган заковат интеллектуал ўйини ўзгача руҳда бўлиб ўтди. Ташкилотчиларга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтилди.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1