Ветеринария медицинаси йўналишининг 3-босқич талабалари дала амалиётини ўтайди
Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг ветеринария медицинаси йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари дала амалиётини ўтайди. Бугун “Ветеринария ва зооинженерия” факультети декани А.Каниязов, Ветеринария ва озиқ-овқат хавфсилиги кафедраси мудири Ш.Авезимбетов ҳамда кафедра ўқитувчилари М.Сагизбаев ва Ш.Утегеновалар иштирокида талабаларни амалиёт ўташ учун юбориш масаласи юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. А.Каниязов сўзга чиқиб, ушбу дала амалиёти давомида талабалар фаоллик кўрсатиб, амалий билимларини ҳар томонлама мустаҳкамлаб бориши зарур эканлиги ва ҳар бир талаба амалиёт жараёнларига ўта жиддий қараши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. — Йиғилиш давомида амалиётчи талабаларга батафсил тушунчалар берилди. Техник хавфсизлик ва қолган тегишли масалалар гапириб ўтилди. Кафедрадан 9 нафар ўқитувчини амалиёт раҳбари сифатида бириктирдик. Улар факультет декани ва ўзим билан ҳамкорликда амалиёт жараёнларини мунтазам равишда назорат қилиб боришади. — дея маълумот берди, кафдера мудири Ш.Авезимбетов. Шунингдек, унинг таъкидлашига қараганда 3-босқич 300-гуруҳдан бошлаб 308-гуруҳгача жами 8 гуруҳ талабалари 120 соат, яъни 4 ҳафта давомида амалиёт ўташади. Хўш, талабалар амалиётни қаерда ўтайди деган савол тўғилиши табиий. Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан талабалар амалиёт ўташ учун ўзлари яшайдиган туманлардаги фермер хўжаликлари ва ветеринария бўлимларига қўмитанинг буйруғи асосида юборилади. Шаҳарда истиқомат қиладиган талабалар ҳам тегишли бўлимларда амалиёт ўташади. Йиғилишда ушбу жараёнларнинг барча тафсилотлари айтиб ўтилди ва талабаларга батафсил тушунтирилди.
скачать dle 12.1