Ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши бўйича қанча ариза келиб тушди?
Маълумки, олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган ва ижара уйларда истиқомат қилаётган талабаларга ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши бўйича низом тасдиқланган. Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида айнан ушбу масала юзасидан комиссия аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари С.Ганиев йиғилишни кириш сўзи билан очиб берди ва олиб борди. Йиғилиш давомида ижара тўловларини қоплаб беришда шаффоф ва адолатли тарзда ёндашиш, жумладан, кам таъминланган, «Темир дафтар»га киритилган ҳамда икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида таҳсил олаётган оилаларнинг фарзандлари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Шунингдек, ўқиш давомида билимларни яхши ўзлаштириб, жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб келаётган талаба-ёшларни инобатга олган ҳолда, шароитларини обдон ўрганиб, сўнг хулосага келиш керак эканлиги таъкидлаб ўтилди.
— Бизга жами 59 та ариза келиб тушган, ҳозирда уларни кўриб чиқябмиз, ўрганиб таҳлил қилябмиз. Барча комиссия аъзолари катта масъулият билан иш олиб бормоқда. Мақсадимиз ҳукумат қарори ижросини таъминлаш, имкониятимиздан келиб чиқиб, ижарада яшаётган талабаларнинг ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ва уларни, қолаверса, ота-оналарини рози қилиб, қувонч бағишлаш— С.Ганиев. Йиғилиш давомида мавзуга оид барча тегишли масалалар муҳокама қилинди. Тез кунларда ушбу масалани ижобий тарзда амалга ошириш жараёни бошланади. Ҳужжатлар билан боғлиқ жараёнлар ўз якунига етгач, расмий веб-сайтимиз орқали батафсил маълумот берамиз.
скачать dle 12.1