Филиал талабалари 1000 АҚШ доллари пул мукофатини қўлга киритишди
Ветеринария ва зооинженерия факультетининг Зооинженерия (балиқчилик) йўналиши 4-босқич талабаси Парахат Тилеклесов ва шу йўналишнинг 3-босқич 314-гуруҳ талабаси Даулетяр Бекмурзаевлар “ImkonLab 2022” лойиҳаси доирасида ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик бўйича ташкил этилган 10 кунлик тренингда иштирок этиб, ўзларининг «Чорвачиликда озуқа маҳсулотларининг сифатсизлигига қарши янги инновацион технологияни жорий этиш» лойиҳаси асосида 1000 АҚШ доллари пул мукофатини қўлга киритишди.
Ўзбекистон Респбуликаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази, Ўзбекистон Респбуликаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлар агентлиги ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида ташкил этилган “ImkonLab Karakalpakstan Generation Unlimited 3.0” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тренингни муваффақиятли тамомлагани учун сертификат ҳамда 1000 АҚШ доллари пул мукофати билан тақдирланишди. Лойиҳа бу йил 3-марта ўтказилмоқда. Унда 16-24 ёш оралиғидаги Бўзатов, Мўйноқ ҳамда Қўнғирот туманларида истиқомат қиладиган ёшлар 3-5 кишидан иборат жамоа бўлиб қатнашиши мумкин. Жами 15 та жамоа ўз лойиҳалари билан иштирок этишган бўлса, филиал талабалари П.Тилеклесов ва Д.Бекмурзаевлар жами 3 нафар кишидан иборат “Eco house” жамоаси сифатида иштирок этиб, 5 совриндор жамоа қаторидан жой олди ва уларнинг ушбу лойиҳаси энг яхши лойиҳа сифатида эътироф этилди. — 10 кунлик тренинг давомида биз ўз лойиҳамиз устида иш олиб бориш билан бирга замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлдик. У ерда ҳақиқий ёшларбоб атмосфера яратиб беришди. Энди биз келгусида лойиҳани амалга оширишга киришамиз—дейди П.Тилеклесов. Албатта, филиал талабалари қўлга киритган 1000 АҚШ доллари пул мукофатини ўз лойиҳаларини амалга ошириш ва жамиятга тадбиқ этиш мақсадида фойдаланишади. Уларнинг ҳар иккаласини эришган натижаси билан қутлаган ҳолда, ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
скачать dle 12.1