Ижарада яшайдиган талаба-қизлар ҳолидан хабар олинди
Ижара уйларда истиқомат қилаётган талаба-ёшлардан мунтазам равишда хабар олиб туриш, яшаш шароитлари билан танишиб бориш ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбарияти ва тегишли мутассадилари учун муҳим вазифа ҳисобланганидек, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ҳам ушбу масалага катта масъулият билан қаралади. Жумладан, Хотин-қизлар масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Г.Ешмуратова ижарада яшайдиган талаба-қизларнинг уйларига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олди. Уларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб, уй озодалигини кўздан кечирди. Биринчи навбатда ёнғин хавфсизлиги бўйича кенг тушунчаларни бериб ўтди. Шундан сўнг талаба-қизлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, уларни қийнаётган муаммолар, уй эгаси билан муомаласи қандай эканлиги ҳамда бўш вақтларини қандай ташкил этаётганлиги хусусида суҳбат олиб борди.
Талаба-қизларга тегишли тавсиялар ва маслаҳатлар бериб ўтди. — Ота-она учун қиз бола тарбияси нозик ва жуда аҳамиятли ҳисобланади. Шу боис, биз ҳам елкамиздаги масъулият юкини ҳис қилган ҳолда талаба-қизлар билан доимий тарзда очиқ мулоқот олиб борамиз, уларни тинглаймиз. Айниқса, ТТЖ ва ижарада яшайдиган қизлар билан кўпроқ суҳбат олиб боришга ва ҳолидан хабар олиб туришга ҳаракат қиламиз — дейди Г.Ешмуратова. Ижара уйда яшайдиган талаба-қизларнинг хонадонларига ташриф давомида улар билан самимий суҳбат олиб борилди ва яшаш шароитлари яқиндан ўрганилди.
скачать dle 12.1