Ижарада яшайдиган талабаларнинг шароитлари ўрганилмоқда
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг раҳбарияти ҳамда гуруҳ тьюторлари томонидан ижарада яшаётган талабаларнинг ҳолидан хабар олиниб, мунтазам равишда шароитлари ўрганилмоқда.
Филиалда ижарада турган ҳар бир талабанинг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш ва таҳлил қилиб бориш, шунингдек уй эгалари билан ҳам мулоқот олиб бориш механизми яхши йўлга қўйилган. Жумладан, директор ўринбосарлари, факультет декани, декан муовинлари ҳамда тьюторлар ижарада яшайдиган талабаларнинг уйларига бориб, яшаш шароитларини кўздан кечириб улар билан мулоқот олиб борди. Улар бўш вақтларини қандай ўтказаётганлиги билан қизиқиб, мавжуд муаммоларни ўрганди. Гуруҳ тьюторлари томонидан техник хавфсизлик бўйича тушунчалар берилди. Талабаларга тозалик қоидаларига риоя этиш ва ҳамжиҳатликда яшаш тавсия этилди. Ҳар бир талаба билан самимий суҳбат олиб борилди ҳамда таклиф ва мурожаатлар тингланди.
Тьюторлар талабаларнинг ота-оналари билан боғланиб, филиал раҳбарияти ижарада яшаётган ҳеч қайси талабага бефарқ эмаслиги, аксинча уларнинг ҳар бири билан алоҳида мулоқот қилиб, яшаш шароитлари таҳлил қилиб борилаётганлигини билдиришди. Филиалимизда олис вилоятлардан ва туманлардан келиб таҳсил олаётган талабаларни ётоқхона ва ижара уйлар билан таъминлаш ҳамда яшаш шароитларини ўрганиб бориш ҳар доийм долзарб масала сифатида қаралиб келинмоқда. Ижара уйларга ташрифлардан кўзланган мақсад эса талаба-ёшлар учун янада қулай имкониятларни яратиш ва хотиржам таълим олишини таъминлашдан иборат.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1