Ётоқхонада истиқомат қилаётган талабалар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди
Олдин хабар берганимиздек, янги ўқув йили бошланиши билан талаба-ёшларни филиал ётоқхонасига жойлаштириш ишлари бошланган эди ва айни кунларда барча талабалар тўлиқ жойлаштирилиб бўлди. Талабалар турар жойида истиқомат қилаётган талабаларга қулай шарт-шароитларни яратиш билан бирга, уларнинг маънавиятини юксалтириб бориш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, куни кеча ётоқхона талабалари орасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди. Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Сейткамалов кириш сўзи билан ўйинни очиб берди ҳамда директор маслаҳатчиси З.Сапарбаев билан биргаликда барча иштирокчи жамоаларга омад тилади. Ушбу Заковат интеллектуал ўйинида ётоқхона талабаларидан ташкил топган жами 6 жамоа иштирок этишди. Ўйин давомида талабалар зеҳнини ўткирлаштириш ҳамда билимларини мустаҳкамлаш мақсадида жуда қизиқарли мантиқий саволлар берилди. Иштирокчилар ҳам фаол бўлишга интилишди. Ётоқхона талабалари орасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйини кутилганидан ҳам мазмунли тарзда бўлиб ўтди. Якуний натижаларга келадиган бўлсак, «Ёшлар» жамоаси ҳар томонлама фаоллик кўрсатиб 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди. «Фемида» жамоаси 2-ўринни эгаллаган бўлса, 3-ўрин «Турон» жамоасига насиб қилди. Ғолиб жамоалар диплом билан тақдирланишди. Келгусида ётоқхона талабалари орасида шу каби қизиқарли ўйин ва мусобақаларни ташкил этиб борилиши таъкидлаб ўтилди. Асосий мақсад эса талабалар турар жойида яшайдиган талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда кўмаклашишдан иборат.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1