Талаба бўлиш энг олий мақсадларимдан бири эди
Маълумки, 2022—2023-ўқув йили учун 190 мингдан зиёд абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шулар сафида менинг ҳам бор эканлигим мени ва ота-онамни қаттиқ севинтирди. Астойидил интилганим ва ўқиб изланганим ижобий натижасини бериб, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали талабасига айландим. Ушбу олийгоҳнинг талабаси бўлиш энг олий мақсадларимдан бири эди.
Эзгу мақсадимга эришиш замирида мамлакатимизда таълим соҳаси бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар мужассам деб ўйлайман. Яқиндагина Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатдаги барча ОТМларда 6,5 мингта қабул квоталари жорий этилишини Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари 34-сессиясидаги нутқида таъкидлаб ўтди. Бу эса албатта, талаба бўлишни орзу қилган ҳар бир қорақалпоқ ёшларига янада мотивация бағишлайди. Талабалар сафига энг юқори балл билан қабул қилинганим қувончимга қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамга катта маъсулиятни юклайди. Энди мен талаба деган номга муносиб бўлган ҳолда, ўз соҳам бўйича билимларни чуқур ўзлаштириб ота-онам ва устозларимнинг ишончини албатта оқлашим зарур. Президентимиз таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч бўлган ёшлар сафида эканлигимни доим ёдда тутишим ва билдирилган катта ишончни суистеъмол қилмасликка астойидил интилишим зарур.
Ўзим танлаган олийгоҳнинг бахтиёр талабаси сифатида янги ўқув йилида тенгдошларим билан университет остонасига илк марта қадам қўйганимда юрагимда аллақандай ўзгача ҳаёжон, қўрқув ва қувонч қоришиб кетган эди. Бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича жами 225 нафар талаба қабул қилинган бўлса, филиал директори, биология фанлари доктори, доцент Есимбетов Адилбай Тлепович ҳамда филиал ўқитувчилари илк кундан бизларни самимий кутиб олди. Билимлар кунига бағишлаб қизиқарли концерт дастури намойиш этилди. Бу ерда талабалар етук билим олиши учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилганлигини кўриб, танловим жуда тўғри бўлганлигига амин бўлдим. Бу ернинг атмосферасини дарҳол ҳис қила олдим.
Мустақил юртнинг бaxтиёр талабасига айландим ва ўз олдимга янада катта мақсадларни қўйиб, унга эришиш учун матонат билан тинимсиз ҳаракат қилишга ва энг фаол талабалар сафида бўлишга ваъда бераман! Замонавий билимларни тиришқоқлик билан чуқур ўзлаштириб етук мутахассис бўлишга интиламан.
Сабира Муратбаева 1-курс талабаси
скачать dle 12.1