«Мустаҳкам оила—жамият таянчи» шиори остида келин-куёв ток-шоуси ўтказилди
Биламизки, 15 май—Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ушбу сана муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида «Мустаҳкам оила — жамият таянчи» шиори остида келин-куёв ток-шоуси ўтказилди. Унда филиал профессор-ўқитувчилари ва ходимларнинг оилаларидан ташкил топган жамоалар иштирок этишди. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров тадбир бошида сўз олиб, жамиятимизда оиланинг тутган ўрни беқиёслиги ҳақида тўхталди ва барча жамоага омад тилади. Келин-куёв ток-шоуси давомида иштирокчилар бир-биридан қизиқарли бўлган бешта шартни бажаришди. Жумладан, ҳар бир оила ўзларининг танишув тарихи, тўйгача бўлган беғубор дамларни қизиқарли тарзда гапириб беришди. Пуфакларни ёриб, ёширилган қизиқарли шартларни бажаришди. Ўзларининг иқтидорларидан келиб чиқиб, эркин мавзу доирасида бадиий ўқишлар, шўх рақслар ва куй-қўшиқларни ижро этишди. Матбуот котиби, психолог ҳамда Хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан илк бор филиалимизда ташкил этилган ушбу келин-куёв ток-шоуси кутилганидан ҳам ортиқ кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Бир-биридан қизиқарли шартларни иштирокчилар қунт билан бажариши ҳақиқий позитив атмосферани ярата олди. Тадбир якунида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари С.Ганиев сўзга чиқиб, биринчи навбатда ташкилотчиларга ва барча иштирокчи жамоаларга ташаккур билдириди ва бугунги тадбир ўзгача кайфиятда бўлиб ўтганлигини алоҳида таъкидлади. Келин-куёв ток-шоусининг фаол иштирокчилари номинациялар бўйича тақдирланди. Улар қуйидагича: Авезимбетовлар оиласи —«Энг намунали оила», Мамбетниязовлар оиласи—«Энг зийрак», Жиенбаевлар оиласи—«Энг чаққон». Ушбу жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Оила тинч бўлса, бутун жамиятимиз, халқимиз ҳаёти осуда бўлади. Ҳамжиҳат ва аҳил оила эса комил фарзандларни тарбиялайди. Демак, ҳар биримиз ўз жуфтимиз билан бахт формуласини яратамиз ва ўзимиз учун муккамал бир оила бўлишга интиламиз. Бугунги ташкил этилган тадбир ўз ичига мана шундай эзгу тушунчаларни қамраб олган. Мақсадимиз жамиятимиздаги фаол инсонларнинг оилада ҳам аҳил ва етакчи эканлигини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш ва филиал жамоасига маданий ҳордиқ ином этишдан иборат эди ва биз бунинг уддасидан чиқа олдик деб ўйлаймиз.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1