Филиалда ота-оналар йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14 май куни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ота-оналари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда филиал директори А.Есимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг раиси М.Қайпанов, директор ўринбосарлари, декан ва декан муовинлари, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими, Хотин-қизлар Кенгаши, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, гуруҳ тьюторлари ва талабалар иштирок этишди. Ушбу учрашув йиғилишида жами 600 нафар ота-она қатнашди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг раиси М.Қайпанов, филиал директори А.Есимбетов сўзга чиқиб, талабаларнинг таълим ва тарбиясида филиал раҳбарияти ва ота-оналар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши, ўзаро фикр алмашиш ва таклифларни ўрганиб бориш самарали натижаларни бериб бориши ҳақида гапириб, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотларга тўхталди. — Ҳар бир ота-она фарзандларининг таълим ва тарбиясини бизга ишониб топширишган. Зиммамиздаги мана шундай масъулият юкини теран ҳис қилган ҳолда, филиалда таҳсил олаётган талаба-ёшларни ватанимиз равнақига муносиб ҳиссасини қўша оладиган, етук мутахассислар қилиб тарбиялаш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз. Зеро, бизнинг олий мақсадимиз ҳам шундан иборат— дейди филиал директори А.Есимбетов. Йиғилишда талаба-ёшларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси, ўқув жараёнларига бўлган муносабати, талабалар давомати, филиалнинг ички тартиб интизомларига риоя қилиши, жамоат ишларида фаол иштироки бўйича ота-оналарга маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, дарсларни яхши ўзлаштириб аъло баҳоларга ўқиётган, ва яхши хулқи билан ўз тенгдошларига намуна бўлиб, маънавий-маърифий тадбир ҳамда танловларда фаол иштирок этиб фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ талабаларнинг ота-онасига филиал директори А.Есимбетов томонидан ташаккурномалар топширилди. Йиғилишга ташриф буюрган ота-оналар билан олиб борилган самимий мулоқот давомида уларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклифлари ўрганилди. Бир сўз билан айтганда ота-оналар йиғилишида талабалар таълим-тарбиясига оид муҳим масалалар муҳокама этилди. Тадбирнинг якуний қисмида йиғилиш иштирокчиларига филиал фаолиятига бағишланган видеоролик қўйиб берилди. Шунингдек, ташриф буюрган барча ота-оналарга филиал раҳбарияти томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1