Талабалар гуруҳ тьютори билан биргаликда нуроний отахонимиз дуосини олишди
Хабарингиз бор, 9 май—Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида тадбирлар ҳамда хайрия ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда расмий веб-сайтимиз ҳамда ижтимоий тармоқларимизда жонли ёритиб бордик. Бундай савоб ишлар давом этмоқда. Жумладан, 1-босқич 113-гуруҳ тьютори Ж.Мамбетниязов ташаббуси билан ушбу гуруҳ талабалари билан биргаликда «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини худудида яшайдиган ва шу кунга қадар ёлғиз ўзи истиқомат қилиб келаётган нуроний отахон Қазақбай Аллашовнинг хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олишди. Уларга «Гулзор» МФЙ раиси М.Тлеумуратов ҳам ҳамроҳлик қилди. Мана шундай улуғ байрам муносабати билан боқувчисиз қолган ёлғиз кексаларни йўқлаш, улар билан файзли дастурхон атрофида самимий суҳбат қуриб уларнинг ҳаётий ва мазмунли ўгитларини тинглаш чин маънода савоб десак муболаға бўлмайди. Нуроний отахонимизга яхши ниятлар билан совға-саломлар топширилди. Албатта, ҳар бир улуғ ёшдаги кексалар каби Қазақбай ота ҳам ўзига кўрсатилган бундай юксак ҳурмат ва эъзоздан жуда мамнун бўлиб, йўқлаб келганларга самимий тилакларини билдирди. «Илойим, келажакда етук инсонлар бўлиб, юртимиз равнақига ҳисса кўшадиган яхшилар қаторида бўлиш насиб этсин»-дея талаба-ёшларни чин кўнгилдан дуо қилди нуронийимиз. Ёшларимиз мана шундай эзгу ишлар ҳикматини янада теранроқ англаб етган бўлса ажаб эмас. Имконимиз бўлса ҳар биримиз шу каби ибратли ва савобли ишларни амалга ошириб, бошқаларга намуна бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Зеро, бугунги йўқловдан мақсад ҳам шундан иборат эди. Нуроний отамиз билан бўлиб ўтган самимий суҳбат талаба-ёшларда ижобий таассурот қолдирди.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1