9 май-Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида меҳнат фаҳрийси ҳолидан хабар олинди
Бугун, яъни 7 май куни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директори Адилбай Есимбетов ташаббуси билан 9 май—Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшлар иштирокида «Қутлы қоныс» МФЙ худудида истиқомат қилаётган фронт орти меҳнат фаҳрийси, «Меҳнат ветерани» медали соҳиби Маденбай ота Даулетовнинг хонадонига ташриф буюриб, Нуроний отахон ҳолидан хабар олишди. М.Даулетов умрини илм-фанга бағишлаган зиёли инсонлардан бири. «Қорақалпоғистон Республикасига меҳнати синган илм арбоби», филология фанлари доктори (DSc) М.Даулетов ҳозир 92 ёшни қарши олган. А.Есимбетов нуроний отамизни ғалабанинг 77 йиллиги билан самимий қутлаб, совға-саломлар топширди ва эзгу тилакларини билдирди. Табаррук ёшдаги отахон ўзига кўрсатилган бундай эътибор ва эъзоздан боши кўкка етиб, қўлларини дуога очди. Кейинги манзил ушбу маҳалла худудида яшайдиган боқувчисини йўқотган ва айни пайтда уйида ёлғиз ўзи истиқомат қилаётган аёл Салима Тажимуратованинг хонадони бўлди. 9 май—Хотира ва қадрлаш байрами арафасида филиал жамоаси номидан кундалик турмушда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар топширилди. Онахон ушбу ташрифдан ва йўқловдан ўта мамнун бўлди. Бундай хайрия ишларини амалга ошириш замирида талаба-ёшларга ўрнак бўлиш ҳамда уларни саҳоватпешаликка чорлаш сингари эзгу мақсад мужассам. — Имкони борича табаррук ёшдаги нуронийларимизнинг дуоларини олишга ва уларни хурсанд қилишга интилинг. Бунинг савобини ва мукофотини албатта оласизлар. Ишонаверинг, мен буни ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаямбан. Мана шундай инсонларнинг дуосини олсангиз кам бўлмайсизлар— дейди директор А.Есимбетов талаба-ёшларга. Бугун мана шу тарзда «Қутлы қоныс» МФЙ худудидаги хонадонларга кулгу ва шодлик улашилди. Муҳими, филиал жамоаси нуронийларимизнинг олтин дуоларини олишди.
скачать dle 12.1