Рамазон Ҳайити байрами муборак бўлсин!
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар, ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшлар! Чексиз бир самимият билан шукроналар келтирган ҳолда сиз азизларни ва сиз орқали барча оила аъзоларингизни Муборак Рамазон Ҳайити байрами муносабати билан самимий қутлайман!
Хонадонимизни ва қалбимизни нурларга тўлдириб, барча мўмин-мусулмонларга катта шодиёна ином этадиган Рамазон ҳайити байрамини ўзгача бир ҳаёжон ва интиқлик билан кутамиз. Авваламбор, халқимизни ушбу табаррук айёмга саломатлик ва хотиржамликда етказганига шукроналар келтирайлик! Инсон қалби фақат эзгуликларга интилиб яшайди. Бу қисқагина ҳаётда қўлимиздан келса яхши амалларни бажариб, комил бир шахс бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Қалбимизда бировга заррача ёмонлик тиламаслигимиз, иложи борича инсонларга зиғирча бўлса ҳам яхшилик улашиб унинг ажри ва мукофотига сазовор бўлишга астойидил интилишимиз лозим. Муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш ҳам бир фарз ҳисобланади. Бағрикенг халқимиз муборак Рамазон ойида эзгу ишларни амалга ошириб савоб олишга шошилади. Жорий йил ҳам биз кўплаб саҳоватпеша юртдошларимизнинг хайрия ишларини амалга оширганига гувоҳ бўлдик. Яхши инсонлар ҳамжиҳатликда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, кўпларга ибрат бўлишди. Шу ўринда филиал жамоаси ҳам бириктирилган маҳаллалардаги ёрдамга муҳтож оилалар, боқувчисини йўқотган аёллар ҳамда нуроний отахон ва онахонларимиз ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини шод этиб, олтин дуоларини олдилар. Чопқир тулпордек шошилиб ўтиб бораётган вақтга қараб, эзгу ишларни амалга ошириб, савоб йиғиб қолиш учун биз ҳам кўпроқ ошиқишимиз жоиз деб ўйлайман. Мана кўзни очиб-юмгунча табаррук ой билан яна хайрлашиш арафасида турибмиз. Хўш, сиз-у биз ойларнинг султони- Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказа олдикми? Ҳар биримиз ўзимизга мана шу саволни беришимиз жуда ўринли бўлади. Халқимиз ушбу муборак айёмни ҳар йили шодлик ва шукроналик ҳамроҳлигида қалблари нурга тўлиб нишонлайди. Рамазон Ҳайити байрами муносабати билан мусулмон биродарларга яхши ният билан хадялар улашиб, уларни хурсанд қилинг, ота-онангиз дуосини олишга ҳаракат қилинг, узоқдаги қариндошлардан хабар олиб уларнинг хонадонини бахт ва шодлик билан тўлдиринг. Ушбу қутлуғ айёмни муносиб тарзда нишонлашга ҳаракат қилинг! Мен эса фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни, мўмин-мусулмонларни, филиал жамоасини ҳамда талаба-ёшларни муборак Рамазон Ҳайити байрами билан яна бир марта қизғин муборакбод этаман. Илойим, осмонимиз очиқ ва мусаффо бўлсин! Барчангизнинг эзгу ният ва чиройли сабр билан тутган рўзаларингиз ва дуоларингиз қабул бўлсин. Файзли бир дастурхон атрофида оиламиз ва яқинларимиз даврасида мана шундай қутлуғ айёмларни нишонлашлик ҳар биримизга насиб этсин. Фарзандларимизга узоқ умр ва мустаҳкам имон тилайман. Тилагим, қалбимиздаги жамийки эзгу ниятларимиз ижобатини кўриш насиб қилсин. Байрам муборак азизлар!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов,
СамВМЧБУ Нукус филиали директори
скачать dle 12.1