«Миллий либослар қизлар гўзаллиги билан ўз аксини топади» атамасида кўрик-танлов ташкил этилди
Бугун, яъни 27 апрель куни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали 1-босқич талаба-қизлари орасида «Миллий либослар қизлар гўзаллиги билан ўз аксини топади» атамасида кўрик-танлов бўлиб ўтди. Тадбирни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари С.Ганиев кириш сўзи билан очиб бериб, қизлар орасида миллий урф-одатлар ва анъаналар ҳамда миллий маданиятни кенг тарғиб қилишда мана шундай тадбирларнинг муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталди ва миллий либосларда қизлар янада товланиб турганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, ушбу кўрик-танловни ташкил этиш замирида ҳам шу сингари эзгу мақсадлар мужассам. Филиал Хотин-қизлар масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Г.Ешмуратова ташаббуси билан танлов 2-шарт бўйича бўлиб ўтди. Яъни, биринчи шартда иштирокчи қизларимиз қорақалпоқ, ўзбек, қазоқ, рус, қирғиз, ҳинд, туркман ва корейс миллатининг миллий либослар кўргазмасини намойиш этишди ва ушбу миллатларнинг ўзига ҳос урф-одатлари, анъаналари ҳақида слайд орқали батафсил тушунча бериб ўтишди. Иккинчи шартда эса ҳар бир иштирокчи танланган турли миллат вакилларининг кўринишида саҳнага чиқиб, миллий рақслари ва куй-кўшиқларини маромига етказиб ижро этишди. Кўрик-танлов давомида ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг чиқишларини холисона тарзда баҳолаб боришди. Шунингдек, йиғилганларга хушкайфият бағишлаш мақсадида «Қарекеӊше онлайн» жамоасининг иқтидорли талаба-ёшлари томонидан шўх куй ва қўшиқлар ижро этилди.
«Миллий либослар қизлар гўзаллиги билан ўз аксини топади» кўрик-танловининг якуний натижаларига кўра Зооинженерия йўналиши 1-босқич 111-гуруҳ талабаси И.Турсунбаева 1-ўринни эгаллаб мутлоқ ғолибликни қўлга киритди. Ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари йўналиши 1-босқич 113-гуруҳ талабаси А.Сагинова 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ветеринария-санитария экспертизаси йўналиши 1-босқич 115-гуруҳ талабаси Г.Бердиева 3-ўринни эгаллади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг Хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи маслаҳатчиси Н.Сатуллаева сўзга чиқиб, бугунги тадбир юқори савияда ташкил этилганлиги ва барча иштирокчилар фаоллик кўрсатишганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Г.Ешмуратова кўрик-танловни номлаш ва ташкил этишда матбуот котиби З.Хожамуратованинг яқиндан ёрдам берганлигини алоҳида эътироф қилиб ўтди. Барча ғолибалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Муҳими, иштирокчи қизлар ҳар бир миллатнинг ўзига ҳос миллий атмосферасини ярата олишди.
скачать dle 12.1