Филиал психологи томонидан талабаларга турли мавзуларда семинар-тренинг ўтказилмоқда
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг хулқ-атворининг асосий психологик жиҳатларини ва уларда учраётган муаммоларини ўрганиб бориш мақсадида филиал психологи М.Алламуратова томонидан турли мавзуларда психологик семинар-тренинглар ташкиллаштириб келинмоқда. Жумладан, Ветеринария медицинаси йўналиши 1-босқич 101-гуруҳ талабаларига «Интернет тармоқларининг инсон руҳиятига таъсири» мавзусида ўтказилган тренинг давомида талаба-ёшларга интернет тармоғидан тўғри ва эзгу мақсадларда фойдаланиш, ҳар хил норасмий ва фойдаланиш тақиқланган веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқлардан йироқ бўлиш ва фойдали маълумотларни олишга ҳаракат қилиш тавсия этилди. Шунингдек, интернетга қарамлик инсон руҳиятига ўта салбий таъсир қилиши бўйича тушунчалар бериб ўтилди. Ветеринария медицинаси йўналиши 1-босқич 102-гуруҳ талабалари иштирокида эса «Биз оилавий ажримларга қаршимиз» мавзуси асосида оила муқаддас ришталар билан боғланиши ва икки томон ҳамжиҳатлигида мустаҳкамланиши ва жамиятимизга етук билимли ва маданиятли ёш авлодни тарбиялаб бериши борасида сўз юритилди. Оила мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда ажримларнинг олдини олиш муҳим эканлиги таъкидланди. Мавзуга оид ҳаётий мисоллар келтирилди. Ушбу йўналишда таҳсил олаётган 1-босқич 103-гуруҳ талабалари учун «Оиладаги муносабатлардаги муаммолар, сабаб ва ечим» мавзусида тренинг ташкил этилди. Мавзу доирасида талабалар билан эркин тарзда суҳбат олиб борилди. Уларнинг оилавий муҳити ва ота-оналари билан ўзаро муносабатлари хусусида сўз юритилди. Асосан муаммолар нима сабаб келиб чиқиши ўрганилиб, уларни бартараф қилиш ва ечим топиш усуллари айтиб ўтилди. Зооинженерия йўналишининг 2-босқич 209-гуруҳ талабаларига «Депрессия ва стресс ҳолатларини олдини олиш» мавзусида ўтказилган семинарда инсон ҳар дойим позитив кайфият билан юришга ҳаракат қилиши, ортиқча тушкунликка берилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин эканлиги бўйича тушунчалар берилди. Иштирокчиларнинг стресс ҳолатини аниқлаш учун психологик тестлар ўтказилди. 2-босқич 214-гуруҳ талабалари иштирокида «Позитив фикрлашни ривожлантириш» мавзуси бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Хулоса қилиб айтганда, психолог томонидан ташкил этилган семинар-тренинглар талаба-ёшларнинг психологик иммунитетини янада ошириш ва уларда позитив кайфият билан ҳаётга ва яшашга бўлган иштиёқини орттиришда катта аҳамиятга эга бўлди десак муболаға бўлмайди. Ўтказилган ҳар бир семинар доирасида қизиқарли психологик машқлар ва ўйинлар олиб борилди. Талаба-ёшлар медитация пайтида руҳан тетик бўлиб, ўзлари учун ижобий мотивация олишди.
скачать dle 12.1