Директор иш билан таъминлаш бўйича талабаларнинг таклифларини ўрганди
Барчамизга маълумки, жорий йил 4 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида талаба-ёшларни иш билан таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
–Олийгоҳ катта оила. Бу оилани раҳбари - ректор. Ота-оналар энг катта бойлигини, фарзандини сизларга топширган. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан шахсан учрашиши шарт– дея алоҳида таъкидлаб ўтди Президент. Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг мажлислар залида мазкур устувор вазифалар ижросига бағишланган директор ва талабалар учрашуви бўлиб ўтди. Унда филиал директори А.Есимбетов, ветеринария ва зооинженерия факультети декани А.Каниязов, зооинженерия кафедраси мудири А.Торешова ҳамда филиалнинг 3-босқич талабалари иштирок этишди. –Бугунги суҳбатимиз самимий ва очиқ тарзда олиб борилади. Асосий мақсадимиз-сизларнинг шароитингиз, фикр ва таклифларингизни чуқур ўрганган ҳолда иш билан таъминлаш учун зарур шароит яратиб бериш. Бунинг учун биринчи навбатда ўзим астойидил ҳаракат қиламан –деди А.Есимбетов ўз нутқида. Учрашув давомида талабаларга директор томонидан филиал худудида қўй ва эчки, қуён ҳамда паррандаларни парвариш қилиш, инкубация цехларини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш орқали уларни иш билан банд қилиб, қўшимча даромад олишлари бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, сунъий ҳовузда балиқ турларин янада кўпайтириб, уларни парваришлаш, асалари оиласи парвариш қилинадиган қутилар сонини кўпайтириш ишларини амалга ошириш таъкидлаб ўтилди.
Асосийси —талабаларни ўз соҳасидан келиб чиқиб иш билан таъминлаш орқали бўлажак мутахассисларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш билан бирга қўшимча даромадга эга бўлиши учун қулай имкониятларни тақдим этиш. Олиб борилган мулоқот давомида талабалар ҳам ўз фикр ва таклифларини очиқ тарзда билдиришди. –Берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланинг, меҳнат қилинг, ўзингизни кўрсатинг. Ҳам амалий тажрибангизни оширинг ҳам даромадга эга бўлинг, мен бундан фақат хурсанд бўламан –деди сўзининг якунида директор. Шунингдек, муҳокама қилинган масала юзасидан масъулларга тегишли топшириқларни берди. Учрашув доирасида талабаларнинг мурожаат ва таклифлари батафсил ўрганилди. Шунингдек, директор томонидан билдирилган таклифлардан талабалар мамнун бўлишди.
Филиал матбуот хизмати скачать dle 12.1