Филиалга Латвия Табиий фанлар ва Технология Давлат Университети профессори ташриф буюрди
Жорий йилнинг 23 февраль куни Самарқанд Ветеринария медицинаси институти Нукус филиалига Латвия Табиий фанлар ва Технология Давлат Университетининг ўқув ишлари бўйича проректори, техника фанлари доктори, профессор Айгарс Лайзанс ташриф буюрди. Ҳурматли меҳмонни ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров ва илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Р.Турганбаевлар кутиб олишди.
Ўзаро суҳбат давомида келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, ҳамкорлик меморандумларини имзолаш сингари масалалар бўйича музокаралар олиб борилди ва муҳим таклифлар илгари сурилди. Ташриф давомида эса Айгарс Лайзанс филиалда таҳсил олаётган талаба-ёшлар билан учрашиб, самимий мулоқот олиб борди. Жумладан, университет тарихи ва бугунги кундаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотларни бериб ўтди. Университетда ҳозирги кунда бакалавриат, магистратура ва докторантура йўналишларида 4 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган экан. Таълим жараёни инглиз тилида олиб борилиши ҳамда ветеринария йўналиши бўйича ҳам малакали кадрлар тайёрланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Суҳбат чоғида талабалар университет фаолияти ҳақида тўлақонли маълумотларга эга бўлишди ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Ташриф якунида келгусида меморандум имзолаш ва истиқболли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди. Филиал раҳбарияти меҳмонга ҳурмат кўрсатиб, эсдалик совғасини тақдим этди. Маълумот учун, ташрифдан аввал филиал Халқаро алоқалар бўлими томонидан Латвия Табиий фанлар ва Технология Давлат Университети билан онлайн тарзда мулоқотлар олиб борилган эди.
скачать dle 12.1