Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан онлайн-танловлар
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали талаба-ёшлари орасида Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан қуйидаги онлайн-танловларни эълон қилади:
1.“Навоий ғазаллари” шиори остида аудиолар танлови. Шартлари: Иштирокчилар Буюк шоир Мир Алишер Навоий ижодидан ўзлари севиб ўқиган асари ёки ғазалидан парчани таъсирли ўқиб аудио шаклида @samvminf_pressa_bot манзилига жўнатиши керак бўлади. Аудиоматериалларни қуйидаги талаблар асосида қабул қиламиз: Вақти 5 дақиқадан ошмаслиги керак, шеър, асар ёки ғазал равон тилда ўқилиши зарур. Асосан таъсирчан қилиб ўқилганлиги, овознинг ёқимли ва жарангдорлиги, тингловчиларга аниқ ва майин тарзда етказиб бера олганлиги инобатга олинади. Иштирокчилар фон мусиқаларидан фойдаланганида асарга мос тушиши ва мусиқанинг баланд бўлиб кетмаслигига эътиборли бўлиши керак. Аудиоматериаллар бугундан, яъни 1 февралдан 7 февралга қадар юқорида кўрсатилган манзил орқали қабул қилинади. Ғолиб бўлган талабалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
2.“Буюк шоир ижодига бир назар” мавзусида иншолар танлови. Бунда иштирокчилар Алишер Навоий ижоди борасида ўзларининг шахсий фикр ва мулоҳазаларини баён қилиши керак бўлади. Иштирокчи истаса шоир ижодини умумий таҳлил қилиши ҳам мумкин ёки унинг қаламига мансуб ўзи ёқтирган бирон асарни (шеър, ғазал) ўзида қолдирган таъсири ҳақида тўлқинланиб ёритиб бериши мумкин.
Иншолар электрон шаклда Times New Roman шрифтида, 14 ўлчамда, 1,5 интервалда, камида 4 бет ҳажмда @samvminf_pressa_bot манзилига топширилиши керак. Иншо қорақалпоқ ва ўзбек тилларида қабул қилинади. Кўчирмачилик қилиш мумкин эмас эканлиги қаътий огоҳлантирилади. Иштирокчилар маълум бир факт ва материаллардан фойдаланиши мумкин лекин албатта кўпроқ ўз фикри баён этилиши зарур. Муаллифнинг етказиб бермоқчи бўлган фикри ёққол сезилиши керак. Иштирокчилар диққатига интернетдан тўғридан-тўғри кўчириб овора бўлманг!
Ғолиб бўлган талабаларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилади. Иншолар 1 февралдан 7 февралга қадар қабул қилинади.
3“Шеърият мулкининг султони” шиори остида видеороликлар танлови. Шартлари: Танловга иштирок этиш истагидаги талабалар Ҳазрат Алишер Навоий қаламига мансуб ўзи ёқтирган асар, ғазал, шеърлардан парча келтирган ҳолда, таъсирли, оброз билан ҳолатга кириб ижро қилиб беришлари керак. Видео вақти 6 дақиқадан ошмаслиги белгиланган. Бунда иштирокчилар нутқи, кўриниши, танлаган фони ва бой фантазиясини ишга солганлиги, видеороликнинг сифати, овознинг тиниқлиги инобатга олинади.
Иштирокчилар фон мусиқаларидан фойдаланишлари мумкин. Видеороликлар бугундан, яъни 1 февралдан 8 февралга қадар @samvminf_pressa_bot манзили орқали қабул қилинади. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Эслатма: Видеороликларни 8 февраль соат 18:00 га қадар қабул қиламиз.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1