Милан университетининг профессори филиал талабаларига онлайн маъруза ўтди
Маълумки ҳозирда Республика олий таълим муассасаларида онлайн таълим йўлга қўйилган. Филиал талаба-ёшларига онлайн дарсларни сифатли ташкил этиш ва уларнинг билимларини қўшимча тарзда мустаҳкамлаб бориш мақсадида хорижий ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн маърузаларни ташкил этиб боришга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Таълим соҳасини ривожлантириш бўлими” бошлиғи Алишер Сафаровнинг ташаббуси билан филиал талабалари учун Италия давлатининг нуфузли олий ўқув юртларидан бири Милан университетининг профессори Др. Маттео Гуидотти томонидан онлайн маъруза ташкиллаштирилди. Zoom платформаси орқали бўлиб ўтган мазкур маърузага филиал раҳбарияти, Халқаро алоқалар бўлими, профессор-ўқитувчилар ҳамда 100 нафарга яқин талаба-ёшлар иштирок этишди. Ташкил этилган онлайн маърузани А.Сафаров очиб берди ва олиб борди. Бундан сўнг Маттео Гуидотти “Кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқариш ва назорат қилиш” мавзусида маъруза қилиб, талабаларга кенг тарзда тушунча берди. Биламизки, бугунги кунда атроф-муҳитнинг ҳар хил чиқиндилар билан ифлосланиши дунё миқёсида долзарб экологик муаммоларнинг бири ҳисобланади. Жонли мулоқат давомида маърузачи томонидан иштирокчиларга кимёвий ва биологик чиқиндиларни назорат қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, оддий кундалик турмушимизда маҳсулотлардан фойдаланганда диққатли бўлиш керак эканлиги, йиллар давомида тўпланиб борадиган чиқиндилар ҳаётимиз учун хавфли эканлиги борасида кенг тушунча берилди. Шунингдек, статистик маълумотлар асосида биз яшаб турган сайёрамизда йилига таҳминан қанча чиқинди юзага келаётганлиги ва чиқиндилар тарихи ҳақида маълумотларни тақдим қилди. Онлайн маъруза мазмунли тарзда бўлиб ўтди. Филиал талаба-ёшлари долзарб мавзу бўйича зарур маълумотларга эга бўлиш билан биргаликда ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли тарзда жавоб олишди.
скачать dle 12.1