Талабамиз ижодидан: Ватанпарварликни мен қандай тушунаман?
Ватанимизни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
"Булбул чаманни севар,
Одам-Ватанни."
(Мақол)
Ҳар бир инсон дунёга келар экан,ўз онасини кўради, она овозини эшитади. Биз ватанимизни онага қиёслаб, "Она Ватан", "Она юрт" деб атаймиз. Ҳар қайси миллат ўз юртини чиндан, дилдан севади, ардоқлайди. Ватанининг ривожланиши учун кеча-ю кундуз ҳаракат қилади. Бу инсониятнинг Ватан олдидаги бурчи ҳисобланади. Ота-боболаримизнинг айтганидек:-"Ватан-саждагоҳ каби муқаддасдир."
Ватан, менинг онамсан,
Иссиқ қучоғинг.
Оламда ягонамсан,
Азиз тупроғинг.
Келажагинг буюкдир,
Яшна доимо.
Ватаним, сени бугун
Таниди дунё.
Ватанни севмоқ-иймондандир. Ватан ҳар биримиз учун муқаддасдир.Уни асраб-авайлаш энг олий вазифамиз саналади. Ота-боболаримиз, аждодларимиз асрлар,йиллар давомида юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун курашиб келган.Биз уларга муносиб авлод бўлишимиз шарт. Юртимизнинг гуллаб яшнаши учун ўз ҳиссамизни қўшиб,байроғимизни кўкларга кўтаришимиз керак. Адабиётимизнинг буюк вакили бўлмиш Тоғай Мурод айтганидек:"Юртим, далаларинг бебаҳо, тупроғинг табаррук." Ватанпарварлик-ҳар биримизнинг қалбимизда, юрагимизда ва албатта томирларимизда жўш уриб турар экан, она юртимизга муҳаббатимиз ҳам ўз ифодасини топади. Айниқса тинчлик посбонлари биз учун, ва халқимиз учун сидқидилдан хизмат қилар экан, биз анча хотиржам ва сокин бўламиз. Улар ватанимиз тинчлиги ва ҳар биримизнинг хонадонимиз осойишталиги учун жонини гаровга тикиб, куну-туни хизмат қилишади. Ҳақиқий ватан ҳимоячиларига қанча тасаннолар айтсак арзийди албатта. Улар биз ва яқинларимиз учун қайғуради, осойишта ҳаётимизни таъминлайди.
Мустақиллик шарофати билан республикамиз дунёнинг барча мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқа қилиш имкониятига эга бўлди. Юртимиз фуқаролари турли мамлакатларда бўлиб, ўрганиб-ўргатиб қайтмоқда. Мамлакатимизда юксалиш, бунёдкорлик ишлари жуда катта.
Янги-янги болалар боғчалари, мактаблар ҳамда олий ўқув юртлари, замонавий уй-жойлар, кўркам бинолар қад ростлади
Бобомиз Амир Темурнинг шундай гапи бор: "Агарда бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган биноларга боқинг."- деган эди. Муқаддас қадамжоларимизни янада улуғлаш мақсадида ҳам кўпгина ишлар олиб борилмоқда. Бундай ривожланишларни кўриб кўзимиз ва қалбимиз қувонади. Бунинг ҳаммаси мустақиллигимиз шарофати билан албатта. Мамлакатимиздаги ўзгаришлар ҳам жуда юқори. Хорижий давлатлар билан ижтимоий- сиёсий алоқалар йўлга қўйилди.
Қуролликучлар-юрт ишончи. Мамлакатимизнинг буюк пойдевори бу бизнинг Қуролли кучларимиздир. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари-Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш, урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ва олдини олиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ва қисмларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари 1992-йил 14-январда ташкил топган. Юртимизнининг Қуролли кучлари қабул қилинганлигига бу йил ўттиз йил тўлмоқда. Мамлакатимизнинг посбонлари кеча-ю кундуз ватанимизни қўриқламоқдалар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан "Миллий армиямиз- бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз" тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг бирлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий маъмурий секторлар ташкил этилди. Мазкур секторлар армия билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи, ҳудудий мудофаа масалаларини ечишда ҳал қилувчи орган бўлиб хизмат қилмоқда.
Ватан- муқаддас, уни ҳимоя қилиш ҳар бир йигит қизнинг шарафли бурчи эканлиги, бугунги озод ва мустақил Ўзбекистонни асраш, ушбу тинч ва ёруғ кунларимиз учун аждодларимиз қанча қон курашканлигини ёшларимизга эслатиш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда бу каби ишларнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади.
Ватан олдидаги бурчни англаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини, эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, ўз мамлакатининг ижтимоийва маданий ютуқлари билан фахрланиш бу энг олий қадриятдир. Шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг шундай сатрлари бор:
Оқ йўргакка ўрагансан ўзинг бизни,
Ҳам оқ ювиб-тарагансан ўзинг бизни.
Бешигимиз узра бедор она бўлиб,
Кунимизга ярагансан ўзинг бизни.
Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!
Муаллиф:Зооинженерия (турлар бўйича) йўналишининг 1-босқич 111-гуруҳ талабаси Ирода Турсунбоева.
Изоҳ:Мазкур талабамиз томонидан тайёрланган ижодий иш энг сара иншолардан бири деб топилиб онлайн танловда 2-ўринни эгаллади.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1