Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги нишонланди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва ёзувчи Я.Ажимов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди А.Абдиев, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди. Тадбирни филиал директори Адилбай Есимбетов кириш сўзи билан очиб бериб, байрам муносабати билан барчани самимий муборакбод этди. Бундан сўнг ташриф буюрган меҳмонлар ҳам сўз олиб тил ҳар бир миллатнинг бебаҳо хазинаси эканлигини ҳамда бугунги кунда она тилимизни бойитиш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.
Ҳозирги кунда қорақалпоқ тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар борасида сўз юритилди. Тадбир давомида «Тил яшаса, миллат яшайди» мавзусида ўтказилган иншолар танлови ҳамда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида видеороликлар танловининг ғолиблари муносиб тарзда тақдирланди. Байрам кечаси талаба-ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди. Жумладан, она тили ҳақидаги сара шеърларни бадиий ўқиш,қорақалпоқ миллий урф-одатларини ўзида ифода этган саҳна кўринишлари ва миллий рақслар намойиш этилди. Тадбирнинг якуний қисмида эса «Ниҳол» мукофоти совриндори Наўрызбек Махамадияров ижросида «Ватан» қўшиғининг янграши барчани тўлқинлантириб юборди. ФилиалдаҚорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган байрам тадбири кўтаринки кайфиятда ўтказилди. скачать dle 12.1