Талабалар ташаббуси билан қуёнхона қурилди
Ҳар қандай соҳада назария билан амалиётни бирга олиб бориш ўзининг самарали натижасини беради. Шу боис, филиал талабалари амалий тажрибаларни ўтказиш учун уларга қулай шароитлар яратиб келинмоқда. Қувонарлиси улар ўзлари ҳам амалий билимларини мустаҳкамлаб бориш учун астойидил интилади. Сўзимиз исботи сифатида талабалар ташаббуси билан филиал худудида қуёнхона қурилганлигини айтишимиз мумкин. Филиал директори А.Есимбетов талабаларнинг бундай фаоллиги учун мамнун бўлиб, қурилишда иштирок этган фаол талабаларни диплом билан тақдирлади. «Зооинженерия» кафедраси ўқитувчилари қурилиш жараёнида бевосита иштирок этиб, бош-қош бўлиб туришди. Қуёнхона 50 бош қуён боқишга мўлжалланган бўлиб, парвариш учун барча шароитлар мавжуд. Айни пайтда деярли 20 бошга яқин қуён парвариш қилиб келинмоқда. Мазкур қуёнхона талабаларнинг ўқитувчилари бошчилигида амалий тажрибаларни ўтказиб, ўз кўникмаларини мустаҳкамлаб боришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, «Зооинженерия» кафедраси мудираси А.Торешова Қораўзак туманидаги “Panaev farms” фермер хўжалигидан зотдор қуёнларни филиалга олиб келиб, талабалар томонидан қурилган қуёнхонада парвариш қилишни режалаштирмоқда. Ушбу масала юзасидан фермер хўжалиги раҳбари Т.Панаев билан музокараларни олиб бормоқда. Албатта бундай саъй-ҳаракатлар замирида филиалда таҳсил олаётган бўлажак мутахассисларнинг билим ва тажрибаларини мустаҳкамлаб бориш сингари мақсад мужассам. Қуёнхона қурилишида иштирок этган барча фаол талабаларимизга алоҳида ташаккур билдириб қоламиз.
скачать dle 12.1