Қорабайир зоти ҳақида
Қорабайир зотининг пайдо бўлиши ўзбек халқининг тарихи билан узвий боғлиқ. Ўзбекистон–унинг ватани. Таснифланишига кўра сунъий танлаш йўли билан ва табиий оғир иқлими ташқи шарт-шароитлари таъсири остида етиштирилган, тоғ-водий салт минилиб, енгил юк тортувчи зотлар типига мансубдир. Маҳаллий довон арғумоқларининг биялари катта аҳамиятга эга бўлиб, жанубий типидаги (Ахалтеке, араб, форс) отларини чўл кўчманчилари – қозоқ, Мўғул айғир отлари билан ялпи чатиштириш натижасида яратилган. Ўлканинг табиий-иқлими ва ижтимоий-иқтисодий шароитлари чайир, чопқир, кучли ва ишчан отларни яратишни талаб қилардики, халқ селекцияси йўли билан бунга эришилган. VIII аср ўрталарида Марказий Осиёни араблар забт этди, улар олиб келган отлар эса маҳаллий йилқичиликка шубҳасиз таъсир кўрсатди. XIII аср бошида Ўрта Осиёга Мўғуллар бостириб кирдилар ва улар энг яхши маҳаллий отларни олиб кетдилар. Лекин бу ерда қолган Мўғул ва қирғиз отлари ҳам маҳаллий отларга таъсир кўрсатди. Қадимги замонларданоқ ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида турли от – спорт ўйинлари ғоят омиллашган эди. Уларда энг яхши отлар сараланарди. Тарихий маълумотларга қараганда, Ўрта Осиё давлатларининг ўтроқ аҳолиси эрамиздан олдинги даврларда ҳам довруғи довон ошган отларни кўпайтириш билан шуғулланган. Ўша отларнинг довруғи Хитой солномаларида қайд этилган: Хитой императорлари машҳур овон арғумоқларини ўз юртига олиб келиш топшириғи билан савдогарлар ва элчиларни, ҳарбий экспедицияларни бир неча бор жўнатганлар. Тарихчи Хоников «Бухоро хонлиги таърифи» (1843 йил) деган китобида ёзадики, бу хонликда асосий от зоти: хонликнинг шимолида урчитиб кўпайтирилган Туркистон арғумоқлари, ўзбек отлари ва Хуқанд отлари бор. Бундан ташқари, муаллиф яна иккита камроқ сонли зотлар –қирғиз отлари ва Қорабайирларни қайд этиб ўтган.
Қорабайир зотининг ташқи кўриниши ва тўзилиши кўркам ва бақувват, деб ёзган эди. «Қорабайир» сўзининг маъноси турли муаллифлар турлича изоҳлашади. Колосовский «Ўрта Осиё отлари ҳақида» (1937 йил) деган китобида шундай изоҳлайди: «қора» - соф, «байир» - жайдари, яъни соф жайдари. Кологривов бу сўзни бошқача тушунтиради: арабчадан «қора» отни билдиради, «байир» эса – туя, қўшилганда «Қорабайир» туянинг оти, яъни юк ортиладиган туя юкини кўтаради. Баъзилар буни тоғ зотига мансуб от дейишади. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида бу зот салт минилиб, енгил юк тортувчи типига киритилган. Бу зот азалдан Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларида етиштирилади. Самарқанд вилояти Қорабайир йилқичилигининг маркази ҳисобланади. Шунингдек Қашқадарёнинг Шаҳрисаб туманида. Ҳозирги пайтда Қорабайир зоти – бу талайгина биологик афзалликларга эга бўлган универсал от зотидир. Бу отлар минишга ва юк ортишга ҳам, аравага қўшиш ва қишлоқ хўжалик ишларида фойдаланишга ҳам яроқли, армиянинг ва қизиқарли миллий от ўйинлари талабларига ҳам жавоб беради. Қорабайир ҳатто кам ҳосил майдонларида этдорлигини сақлаб қолади, озуқани танламайди. Қорабайир зотига мансуб отлар жуда чидамлилиги, Ўрта Осиёнинг жазирама иссиғига, тоғ олди ва тоғли туманларда ишлатишга ғоят мослашганлиги билан ажралиб туради. Паст-баланд жойларда бемалол юраверади, тоғларда унга тенг келадиган от зотлари кам йўл-ҳаракатлари хушёр, чаққон, тўсиқлардан яхши ўтади. Юк кўтариш синовларида энг яхши маданий зотлардан қолишмайди. Ўзбекистонда қадим замонлар буён «Кўпқари», «Оломон пойга», «Ағдариш» каби миллий от ўйинлари ғоят оммалашган. Ана шу ўйинларда ғолиб чиққан отларни маҳаллий аҳоли жуда қадрлаган.
“Зооинженерия” кафедраси
скачать dle 12.1