Мен ўз келажагим учун овоз бераман
Мамлакатимизда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни кунларда сайловга қизғин тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.
Мен мазкур онларни ўзгача ҳаёжон ва интиқлик билан кутмоқдаман. Боиси, ёш сайловчилар қаторида биринчи марта ўз овозимни бераман. Албатта мен Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида мана шундай муҳим сиёсий жараёнларга эътиборсиз бўла олмайман.
Сайловда иштирок этиш Конституциявий ҳуқуқий бурчим, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишим учун имконият эканлигини, биз ёшлар сайловларда фаол иштирок этиб, давлатимиз келажагига садоқат билан хизмат қилиши мумкин бўлган энг муносиб номзодларга, ватанимизнинг равнақи ва келажаги учун овоз бериш эканлигини чуқур англаб етдим.
Биз, ёшларнинг ўз сайлов ҳуқуқимизни амалга оширишимиз давлат бошқарувида иштирок этишимизнинг энг асосий шаклларидан биридир.
Ўз навбатида сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган сайлов олди тарғибот ишларида фаол иштирок этиб, улар томонидан таклиф қилинаётган сайлов олди дастурлари билан яқиндан танишиб чиқаяпман. Ӯзим энг муносиб деб топган сиёсий партия дастуридан келиб чиқиб, мазкур партиядан кўрсатилган номзодларга ўз овозимни бераман. Шунингдек, сайлов ўтказиш тартиб қоидалари бўйича ўз билимимни мустаҳкамлаб боришга ҳаракат қилмоқдаман. Сайлов ўтказиш ҳар бир давлатнинг конституциявий ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган. Сайловда мен сингари биринчи марта иштирок этаётган ёшлар овоз бериш тартиби ва қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 3-моддасида мамлакатимизда сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ҳамда очиқ ва ошкора ўтказилиши белгиланган. Шунинг учун 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови одилона тарзда бўлиб ўтишига катта ишонч билдираман. Мен келажагим учун, халқимизнинг эртанги тақдири учун энг муносиб деб топган номзодимга овоз бераман.
Венера ЖОЛДАСБАЕВА,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали талабаси
скачать dle 12.1