Обод юртнинг бахтли талабасиман
Биз қалбимиздаги энг беғубор орзуларимиз рўёбга чиқишига умид билдириб яшаймиз. Олий мақсадларимизга эришганда эса чексиз ғурур туямиз.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлаш арафасида талабалик бахтига муяссар бўлганим – мен учун қолаверса, ота-онам учун ҳам ажойиб совға бўлди. Энг юқори балл билан грант асосида Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари йўналишига талабалар сафига қабул қилиндим.
Авваломбор, нима учун айнан мазкур институтни танлаганимга қисқача изоҳ бериб ўтаман. Болалигимдан ветеринария соҳасига меҳрим баланд эди. Айниқса сўнгги йилларда мазкур соҳага давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар, йирик лойиҳалар қизиқишимни янада орттирди. Танлаган мутахассислигим бўйича етук билим олиш учун ҳеч иккиланмай мазкур институтга ҳужжат топширдим ва беҳад шукурлар бўлсинки талабалик бахтига муяссар бўлдим.
Албатта ҳар биримиз жаҳон стандартларига мос таълим берадиган, талабалар учун барча шарт-шароит яратилган олий ўқув юртида таҳсил олишни хоҳлаймиз. Мен танлаган институт барча талабларимга жавоб беришига шубҳам йўқ. Бу ерда тажрибали профессор-ўқитувчилар ёшларга етук билим бериб келмоқда. Шунингдек, ташкил этилганлигига деярли кўп вақт бўлмаган бўлса да, филиалнинг эришган ютуқлари ва муваффақиятлари эътиборимни тортди.
Янги ўқув йилининг илк кунида филиал директори А.Есимбетовнинг самимий нутқи мени янада тўлқинлантирди. Қалбимни ҳалиям кучли ҳаёжон тарк этгани йўқ. 2021-2022-ўқув йилида ўқишга қабул қилинган 375 нафар тенгдошларим орасида биринчилар қаторида грант асосида талабалик бахтига муяссар бўлганлигим мени хурсанд қилиш билан бирга маъсулиятимни ҳам икки баравар оширди деб ўйлайман. Эндиликда ўқитувчилар берган билимларни чуқур ўзлаштириб илғор талабалар сафида бўлишга астойдил интиламан.
Президентимиз ўз нутқларидан бирида биз ёшларга катта ишонч билдириб, юртимиз тараққиётида янги пойдевор яратишда катта ҳисса кўшишимизни таъкидлаб ўтган эдилар. Биз бундай эътибор ва билдирилган юксак ишончни оқлаш учун бор салоҳиятимизни сафарбар этишимиз зарур деб ўйлайман. Юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг гувоҳи бўлиб туриб қўл қовуштириб ўтириш асло тўғри эмас. Ҳар биримиз зиммамиздаги чуқур маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Бахтли талабалар сафидан жой олганим замирида мустақил юртимизнинг тинчлиги ҳамда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар мужассам.
Шу ўринда чексиз миннатдорчилигимни изҳор этиб ўтаман. Тинчлик мадҳияси янграб турган обод юртнинг бахтли талабаси бўлдим. Олдинда мени буюк ишлар кутмоқда. Замонавий билимларни чуқур ўзлаштириб, илғор бўлишга ҳаракат қиламан. Танлаган соҳам бўйича етук мутахассис бўлиш ва катта мақсадларимга эришиш учун жон-жаҳдим билан интиламан.
Мадияр КОМЕКБАЕВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиалининг 1-босқич талабаси
скачать dle 12.1