Филиал ветеринария клиникасида биринчи марта жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида директор Адилбай Есимбетовнинг ташаббуси билан ветеринария клиникаси ташкил этилди. Бундан асосий мақсад филиал талабаларининг ўқув йили давомида олган назарий билимларини бевосита амалиёт билан уйғунлаштириш учун қулай шароит яратиб беришдан иборат. Бугун филиалдаги мазкур клиникада Ветеринария медицинаси йўналиши 2-босқич талабалари амалиёт раҳбари М.Сегизбаев бошчилигида биринчи марта жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Яъни, уй ҳайвонларида учрайдиган кўкрак бези саратонини эмлаш бўйича операция ўтказилди. Итларда кўкрак ўсмаларини жарроҳлик йўли билан даволаш самарали усул ҳисобланади. Бунда клиникага мазкур касалликка чалинган ит келтирилди ва жарроҳлик ўтказиш учун пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. М.Сегизбаев операция давомида санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш керак эканлигини талабаларга алоҳида таъкидлаб ўтди. Директор А.Есимбетов ҳам жараёнда бевосита иштирок этди. Мазкур жарроҳлик муввафақиятли тарзда кечди. Муҳими талабалар жарроҳлик ўтказиш бўйича амалий тажрибага ва кўникмага эга бўлишди. Уларнинг таассуротларини эса сўз билан таърифлаш қийин. Ҳар бир талаба диққат билан жараённи кузатиб ўзларига керакли билим ва тажрибаларни олди. Шундай тарзда филиалдаги ветеринария клиникасида ўтказилган дастлабки жарроҳлик амалиёти кутилган ижобий натижани берди. Келгусида бу ерда филиалнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳамда соҳа мутахассислари бошчилигида талаба-ёшлар билан биргаликда жарроҳлик амалиёти тажрибалари ўтказиб борилади. Шу орқали уларнинг амалий билим ва кўникмалари шакллантирилиб, таълим сифати янада ошиб боради. Зеро, А.Есимбетов мазкур клиникани айнан мана шу мақсад илинжида ташкил этди. Келажакда соҳа бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш учун барча шарт-шароитларни яратиш муҳим ҳисобланади. Филиалда ёш ветеринарларга таълим беришда мана шулар инобатга олинган. Келгусида бу ерда кўплаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади деб умид қиламиз.
скачать dle 12.1