Филиал директори амалиёт жараёни билан яқиндан танишди
Маълумки, филиалнинг 2 ҳамда 3-босқич талабалари ҳозирги кунда шартнома асосида ишлаб чиқариш корхоналарида ўзларининг амалий билимларини мустаҳкамлаб бормоқда. Талабаларнинг амалиёт ўташ жараёни нафақат амалиёт раҳбарлари балким филиал директори томонидан ҳам назорат қилиб борилмоқда. Боиси, бизнинг соҳада ҳар бир талаба мазкур жараёнга жиддий қараб ўз амалий кўникмаларини янада ошириб бориши ўта муҳим саналади. Филиал талабаларининг амалиётда нималар билан машғул бўлаётганлиги билан яқиндан танишиш мақсадида филиал директори Адилбай Ессимбетов Нукус туманидаги “Nukus agro fish“ МЧЖ корхонасига бориб, қизғин амалиёт жараёнини кузатди. У 3-босқич талабаларнинг худди шу корхона ходимларидек енг шимариб ишга киришиб кетганлигидан жуда мамнун бўлди. Бугунги кунда мазкур мажмуада Африка лаққа балиқлари бетонли ванналарда парвариш қилинмоқда. Талабаларга бу ердаги мутахассислар томонидан зарур билим ва кўникмалар бериб борилмоқда. Жараён билан яқиндан танишганидан сўнг А.Есимбетов талабаларга қуйидаги сўзларни алоҳида таъкидлаб ўтди: «Мазкур амалиёт даври сизлар учун ўта муҳим саналади. Бундан буёғига сизлар деярли тайёр мутахассислар ҳисобланасиз. Зиммангиздаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда янада жиддий ёндашиб, олган назарий билимларингизни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаб боришга тиришинг! Менга натижа керак». Шундан сўнг А.Есимбетов шаҳримиздаги “Қорақалпоқбалиқсаноат” МЧЖга ташриф буюрди. Корхонада 2-босқич талабалар амалиёт ўтамоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, филиал мазкур корхона билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйиб улгурган. Бу ерда ҳам иш авжида экан. Жараёндан хабардор бўлгач, А.Есимбетов талабалар билан мулоқат ўтказди. Суҳбат давомида, улар амалиёт жараёнида шу кунга қадар қандай кўникмаларга эга бўлаётганлиги, асосан нималар билан машғул эканлиги билан қизиқсиниб, талабаларни батафсил тинглади. Шунингдек, билимларини текшириш мақсадида савол-жавоб ҳам ўтказди. Ҳар иккала босқич талабалари амалиётни яхши ўтаётганлигига амин бўлгач, директор амалиёт раҳбарларига тегишли кўрсатмаларни берди ҳамда талабаларга шижоат тилаган ҳолда, уларга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилишларини алоҳида эслатиб ўтди. Филилда талабалар таҳсил олаётган соҳада амалиётнинг ўрни жуда катта. Шу боис А.Есимбетов назарий ва амалий билимлар уйғунлигини узлуксиз таъминлаб боришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ўйлаймизки, талабалар амалиёт давомида яхши натижаларни кўрсатади.
Филиал матбуот хизматискачать dle 12.1