Қўмитанинг таълим соҳасини ривожлантириш бўлими бошлиғи филиалга ташриф буюрди
Жорий йил 24 июнь куни Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалига Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Таълим соҳасини ривожлантириш бўлими” бошлиғи, раиснинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Алишер Сафаров ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад филиалнинг бугунги кундаги фаолияти ҳамда таълим жараёни билан танишишдан иборат. Меҳмон дастлаб, ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров ҳамрохлигида ўқув аудиториялари ҳамда лаборатория хоналари, филиал кутубхонаси ва спорт зални кўздан кечириб, талаба-ёшларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Филиал худидаги сунъий ҳовузда парвариш қилинаётган Африка лаққаси балиқларини ҳамда қутиларда боқилаётган асалари оиласини кўздан кечирди. Ташриф чоғида А.Сафаров филиал талабалари билан учрашув ўтказди. Самимий суҳбат давомида амалиёт жараёни қандай тарзда олиб борилаётганлиги, соҳадаги янгиликлар борасида сўз юритилди ҳамда филиал талабаларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, ташриф буюрган меҳмон ёшларнинг келажакдаги режалари билан алоҳида қизиқсиниб, шу борада фикр алмашилди. Филиалдаги 2021-2022-ўқув йили қабул жараёнлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига яратилган қулайликлар билан ҳам яқиндан танишди. Ташриф доирасида Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали қошидаги Нукус ветеринария медицинаси техникуми фаолияти билан ҳам танишди. Ташриф якунида эса Алишер Сафаров филиалда таҳсил олаётган талабалар келажакда соҳа ривожланишига ўзларининг катта ҳиссасини қўшиши кутилаётганлиги ва улардан умид катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
скачать dle 12.1