“Менга хўжакўрсинга қилинган ҳисобат эмас, талабанинг амалий кўникмага эга бўлганлиги керак”
Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали мажлислар залида филиал директори А.Есимбетов раҳбарлигида биринчи ҳамда иккинчи босқичда таҳсил олаётган талабалар учун амалиёт ташкил этиш масаласи юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унга ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров, декан ва декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда барча гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилиш давомида 1-босқич талабалар учун 4 ҳафта хажмдаги ўқув-танишув амалиётини ҳамда 2-босқич талабалар учун эса 6 ҳафталик дала амалиётини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. Ҳар бир гуруҳга амалиёт раҳбари тайинланди. Бунда биринчи босқич талабалар ўқув-танишув амалиётини филиал худудида ўташи белгиланди. Иккинчи босқич талабалари дастлаб филиалда ундан сўнг эса шартнома асосида ишлаб чиқариш корхоналари ва фермер хўжаликларида бевосита иш жараёнини кузатиб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаши режалаштирилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, 1-босқич талабаларининг ўқув-танишув амалиёти давомида соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда тўрт ҳафталик амалиётнинг олиб борилиши белгилаб олинди. Филиал директори А.Есимбетов бу борада аниқ кўрсатмаларни бериб, «Талабалар учун амалиёт ўташ даври ўта муҳим ҳисобланади. Шу боис, танишув амалиёти бўладими ёки дала амалиёти, ҳар бир гуруҳ раҳбари ва талаба бу масалага жиддий қараб, масъулиятни теран ҳис қилиши зарур. Менга хўжакўрсинга қилинган қоғоздаги ҳисобат эмас, аксинча талабанинг бўлажак мутахассис сифатида озгина бўлса ҳам амалий кўникмага эга бўлганлиги аҳамиятли. Амалиёт раҳбарлари бу масалада жуда эътиборли бўлинглар»,-дея таъкидлаб ўтди. Тегишли топшириқлар юзасидан Қ.Атаназаров ҳам тушунча бериб ўтди. Албатта, мазкур амалиёт жараёни кўтаринки руҳда ташкил этилади деб умид қиламиз. Муҳими белгиланган вақт мобайнида филиал талабалари зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши кўзланмоқда. Йиғилиш давомида талабаларнинг амалиёт ўташига оид барча масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Филиал матбуот хизматискачать dle 12.1