Филиал директори коррупция ва порахўрлик мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали мажлислар залида профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар иштирокида коррупция ва порахўрлик мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Филиал директори Адилбай Есимбетов йиғилишни олиб борди. У сўзга чиқиб, олий таълим тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самараси, имтиҳон жараёнида талабаларни адолатли баҳолаш ҳамда ўқитувчилар томонидан таъмагирликга йўл қўйиш ҳолатларининг бутунлай бартараф этилиши борасида нутқ сўзлади. Директор ўз сўзида: “Бизнинг зиммамизга келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшларни коррупциясиз таълим асосида етук кадрлар қилиб тарбиялашдек масъулиятли вазифа юклатилган. Шундай экан, имтиҳон жараёнларида талабаларни холисона баҳолаш ва энг муҳими таъмагирлик ҳолатлари асло учрамаслигини таъминлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифа эканлигини унутмаслигиниз зарур. Керак бўлса вазиятни шахсан ўзим қатъий назорат қиламан. Зеро, филиалда фақат шаффофлик асосида таълим берилиши тўлиқ таъминланиши асосий мақсадимиздир”, дея таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров якуний назорат ўтказиш бўйича ўқув бўлими томонидан тасдиқланган график ва ўқитувчилар орасида олиб борилган тушунтириш ишлари бўйича маълумот берди. Шунингдек, йиғилиш давомида Ветеринария ва зооинженерия факультети декани А.Каниязов ҳамда "Табиий ва умум мутахассислик фанлар" кафедраси мудири Ш.Авезимбетовлар сўзга чиқиб, мавзу бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Йиғилиш давомида А.Есимбетов томонидан якуний назорат ўтказиш бўйича декан ва декан ўринбосарлари ва профессор-ўқитувчиларга аниқ вазифалар берилди ҳамда коррупция ва порахўрликка йўл қўйилмаслиги қаттиқ назоратга олиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
скачать dle 12.1