Ота-оналар мажлисида қандай масалалар муҳокама этилди?
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали мажлислар залида Ветеринария медицинаси йўналиши 1-босқич 202-гуруҳ талабаларининг ота-оналари иштирокида мажлис бўлиб ўтди. Унга Ветеринария ва зооинженерия факультети декани А.Каниязов, ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Т.Оразбев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Е.Сейтмуратов, гуруҳ раҳбари С.Комилжонов ҳамда ота-оналар иштирок этди. Мажлисни А.Каниязов очиб берди ва олиб борди. У ўқиш жараёни, гуруҳ талабаларининг давомати ҳамда таълимга оид масалалар хусусида сўз юритар экан, шу кунга қадар дарс қолдирмаган ҳамда фанларни ўзлаштиришда фаоллик кўрсатаётган гуруҳ талабаларини алоҳида таъкидлаб, уларнинг ота-оналарига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Шундан сўнг Т.Оразбев ҳамда Е.Сейтмуратовлар сўз олиб, талабаларнинг хулқи, дарсларни ўзлаштириш кўрсаткичлари, шунингдек, филиалда ташкиллаштирилаётган маънавий-маърифий тадбирларга фаол иштирок этиб келаётган намунали талабалар борасида гапириб ўтди. Мажлис давомида ташриф буюрган ота-оналар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, одоби, дарсларни яхши ўзлаштириши ҳамда тадбирларда ўз фаоллиги билан ажралиб турадиган Г.Базарбаеванинг отаси сўзга чиқиб, қизи шу олийгоҳда таҳсил олаётганидан, филиалдаги таълим жараёнидан кўнгли тўлаётганлиги ва мамнун эканлигини айтиб, ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Р.Балтабаеванинг онаси ҳам ижобий фикрларини билдирди ва таклифлар бериб ўтди. Мажлис суҳбат шаклида давом этиб, гуруҳ раҳбари С.Комилжонов ота-оналар билан ҳар томонлама ҳамкорликда иш олиб бориш йўлга қўйилганлигини, уларнинг таклиф ва мурожаатлари ҳар дойим инобатга олиниши борасида гапириб, уларга керакли тавсияларни бериб ўтди. Умумлаштириб айтганда, мазкур мажлисда таълим ва тарбия, талабалар давомати ҳамда дарсларни ўзлаштириш даражаси, тартиб интизом, ва уларнинг жамоа ишларида иштироки каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
скачать dle 12.1