«Миллий либосларда товланиб қизлар» кўрик танловида ғолиблик қайси гуруҳга насиб этди?
Жорий йил 20 апрель куни Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали талаба-қизлари орасида миллийлигимизга бўлган ҳурмат ва меҳрни янада орттириш ҳамда миллий ўзликни англаш мақсадида «Миллий либосларда товланиб қизлар» номли кўрик-танлови ўтказилди. Унга Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи этнография бўлими бошлиғи, “Дўстлик” ордени соҳибаси А.Пирназарова ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этишди. Филиал директори А.Есимбетов тадбирни очиб бериб, барча иштирокчиларга омад тилади. Кўрик-танлов миллийлигимизни ўзида мужассам этган 3 та шарт бўйича бўлиб ўтди. Филиал талаба-қизлари ўзларининг ҳаёсию ибоси ила чиройли миллий либосларда саҳнага чиққанларида уларни кўрганларнинг кўзи қувониб, билакс қалблар ғурурга тўлди. Боиси, миллий либосларимиз улар эгнида янада чирой очиб, кўрк бағишлади. Мазкур танлов талаба-ёшларнинг ихчамгина концерт дастури билан кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Иштирокчи қизлар ҳайъат аъзолари томонидан холисона тарзда баҳоланди. Фаоллик кўрсатиб, ўз-аро беллашган гуруҳларнинг якуний баллига кўра, 3-ўрин 1-босқич 214 ва 215 гуруҳ талабаларига насиб этган бўлса, Зооинженерия: Йилқичилик ва туячилик йўналишининг 2-босқич талабалари 2-ўринни эгалладилар. Фаҳрли 1-ўринни эса 1-босқич 212-гуруҳ талабалари қўлга киритди. Шунингдек, танловга фаол иштирок этган талаба-қизлар «Миллий либосларда товланиб қизлар» номли кўрик-танловининг ташкилотчиси Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи Г.Ешмуратова томонидан турли номинациялар бўйича тақдирланди. Кўрик-танлов якунида А.Пирназарова сўзга чиқиб, иштирокчиларга камчилик ва ютуқларини айтиб ўтди ва бугунги тадбир бўйича ўзининг илиқ фикрларини билдирди. Филиал директори А.Есимбетов ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширди ва барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини изҳор этиб, шу сингари кўрик-танловлар ташкил этилишини ҳар дойим қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бугунги талаба қизлар орасида ўтказилган кўрик-танлов миллийликни тарғиб қилишда том маънода ёшларга намуна бўла олди ва барчага бирдек қувноқ кайфият бағишлади десак муболаға бўлмайди. Ёрқин дамлар суратларга ва қалбимизга муҳирлангани каби биз ҳам шундай ажойиб дамларни расмларга муҳирладик. Муҳими иштирокчи қизлар ҳаётий тажрибага ва зарур маълумотларга эга бўлишди.
скачать dle 12.1