Мактаблар билан самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 30 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 86-сон Баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали бириктирилган мактаблар билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда сайтимиз орқали батафсил ёритиб бормоқдамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, филиал директори А.Есимбетов бу борада катта масъулият билан ёндашиш керак эканлигини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Шу боис филиал профессор-ўқитувчилари туманлардаги бириктирилган мактабларга мунтазам равишда ташриф буюриб, маҳорат дарсларини ўтмоқда ҳамда ўқувчи ёшлар билан давра суҳбати ташкил этмоқда. Шунингдек, мактабларга ташриф чоғида филиал томонидан ўқувчиларга китоблар совға қилинмоқда. Бунинг замирида эса келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг яхши таълим олишига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшиш каби истак мужассам. Ўз ўрнида мактаб раҳбарияти ҳам ҳамкорлик борасида филиал томонидан кўрсатилган ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда ўзаро ҳурмат асосида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Хўжайли туманидаги ХТБга тегишли 34-сон умумтаълим мактаби, Амударё туманидаги ХТБга тегишли 51 сон умумтаълим мактаби ҳамда Беруний туманидаги 36-сон умумтаълим мактабларига профессор-ўқитувчиларимиз ташриф буюриб, мазкур мактаблар фаолияти билан яқиндан танишиб, таълим самарасини янада ошириш бўйича амалий ёрдамларини кўрсатишга ҳар дойим тайёр эканликларини билдиришди ва ўқувчиларга маҳорат дарсларини ташкиллаштирди. Совға тариқасида китоблар тақдим этилганида эса мактаб ўқувчиларининг кўзларида беғубор қувончни кўриб билакс, уларга қўшилиб шодланасан. Биз филиалимизнинг мактаблар билан ўзаро самарали ҳамкорлиги ҳақида сизга батафсилроқ ёритиб бергимиз келди. Зеро, мактабда ўзлаштирилган яхши таълим келажак учун пойдевордир. Мактабдаги ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ҳамкорликда ўқувчилар учун дарс ташкиллаштириш давом этади.
Филиал матбуот хизмати
скачать dle 12.1