“Универсиада – 2020” спорт мусобақаларининг ғолиб терма жамоалари тақдирланди
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Универсиада – 2020” спорт мусобақаларининг умумжамоа ҳисобида ғолиб ва совриндори бўлган ҳудудий терма жамоаларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси масъул раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт клублари, спортчи талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов сўз олиб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар, спорт турларини оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни эътироф этиб ўтди.
Шундан сўнг ғолиб жамоаларга “Президент совғаси”, диплом ва статуэткалар топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти терма жамоаси 1-ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси 2-ўринни ва Самарқанд вилояти терма жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларнинг ҳар бирига “Президент совғаси” сифатида жами 80 млн. сўмлик спорт жиҳозлари жумладан, бир жамланмадан дзюдо ва кураш спорт тури учун татамилар ҳам топширилди.
ОЎМТВ Ахборот хизмати
скачать dle 12.1