Байрам муборак азиз аёллар!
Ассалому алайкум, филиалимизнинг меҳрибон ҳамда бағрикенг опа-сингиллари! Сизларни, қолаверса бутун республикамиз хотин-қизларини ажойиб айём —8 март байрами билан кўтаринки кайфиятда муборакбод этаман! Катта бир мамнуният билан юрагим тўридаги энг беғубор ва самимий тилакларимни сизларга йўллаб қоламан!Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларидан бирида:«Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди», дея таъкидлаб ўтган эди. Дарҳақиқат, жамиятимиз маънавий ҳаётида мунис опа-сингилларимизнинг тутган ўрни беқиёс. Шу боис, давлатимизда хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг жамиятдаги мавқейини янада юксалтириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, кейинги тўрт йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Шунингдек Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида гендер тенглиги ва хотин-қизларга эътибор масаласини алоҳида тилга олиб ўтди. Бу эса албатта бутун юртимиз хотин-қизларининг қалбини чексиз фахрга тўлдирди. Бизга уларнинг кўзида порлаб турган қувонч учқунлари куч бағишлайди. Аёлларни қанча ардоқласак, шунча кам. Тарийх дафтарини варақлар эканмиз, Тўмарис, Қумар она, Гулайим сингари март ва оқила аёлларимизнинг яшаб ўтганлигига гувоҳ бўламиз. Аёл деганда аввало кўз олдимга бизни дунёга келтирган мўътабар оналаримиз келади. Таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг «Аёл кишига аввало Она деб қарасак, ҳаммаси жой-жойига тушади», деган ажойиб жумласи бор эди. Мана шу қаторларни қайта ва қайта ўқигим келади. Боиси, оналарга берилган бу таъриф энг гўзал таърифдир. Мўътабар оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз ҳамда нафис қизларимизнинг таърифини маромига етказиб келтириб ўтишга нафақат каминанинг, балки манаман деган ёзувчи-ю шоирларнинг қалами ожизлик қилади. Уларга бўлган чексиз ҳурматимиз, беғубор севгимиз қалб кўзимизда акс этган. Бизга аёлларнинг бегонаси йўқ. Ёши улуғи онамиз, кичиги эса синглимиз саналади. Уларни эъзозлаш, кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш биз эркаклар учун шарафдир. Тан оламанки, юрагимда тўлиб турган барча гапларни баён этишга ожизман. Сабаби, муқаддас аёлларимиз ҳақида қалин бир дафтарни тўлдириб ёзсак ҳам камлик қилаверади. Энг мақбул йўл–уларга бўлган чексиз ҳурматимизни сўзда эмас амалда кўрсатишимиздир. Маълумотларга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда хотин-қизлар мамлакатимиз аҳолисининг 17 миллионини ташкил этар экан. Шу ўринда филиалимизда айни пайтда жами 40 нафарга яқин хотин-қизлар фаолият юритиб келаётганлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Жамоамиздаги барча азиз аёлларимиз, дилбар қизларимизга ҳар доим ҳурмат кўрсатилади. Шу билан бирга шахсан мен уларнинг ҳар бирини ўз опам ва синглимдек эъзозлашимни бемалол эътироф эта оламан. Фурсатдан фойдаланиб, мўътабар оналаримизни, бутун республикамиз хотин-қизларини, қолаверса, филиалимиздаги барча гўзал аёлларни ва қизларни 8 март байрами муносабати билан яна бир марта чин қалбимдан муборакбод этаман! Илойим, кўз олдимизда соғ-саломат юринг, кўзларингиз эса бахтдан шундай порласинки, унинг нурлари қалбимизни қамаштирсин. Юртимиздаги баракали хонадонларнинг фариштаси сиз бўласиз азизлар! Онахонларимиз уйнинг тўрида қўлларини дуога очиб ўтирган пайтда, келинларимиз елиб-югуриб уларнинг хизматини қилса, жажжигина набиралар бувижони атрофида парвона бўлишса, бахтли оиладаги мана шундай чиройли манзарани томоша қилишдан ҳам ортиқроқ бахт бормикан бу дунёда?! Оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигини аёллар таъминлайди. Шундай экан сизларга оламдаги жамийки бахтларни тилайман. Ҳеч бир онанинг қўзидан ёш оқмасин. Барчангизга чексиз ҳурматимни изҳор қилган ҳолда, ҳақиқий аёл бахтини тилайман!
Ҳурмат билан,
Адилбай ЕСИМБЕТОВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали директори
скачать dle 12.1