Талабалар “Panaev Farms” фермер хўжалиги фаолиятини ўрганишди
Ветеринария ва чорвачилик соҳасида таълим олаётган бўлажак мутахассисларга сифатли таълим бериш жараёнида назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаб бориш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида таҳсил олаётган талаба ёшлар учун мунтазам равишда ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда чорвачилик фермер хўжаликларида амалий дарслар ташкил этиб борилмоқда. Жумладан, филиалнинг «Табиий ва умуммутахассислик фанлар» кафедраси ассистенти Амина Торешова Зооинженерия:Йилқичилик ва туячилик йўналишининг иккинчи ҳамда учинчи босқич талабалари билан биргаликда Қораўзак туманидаги “Panaev Farms” фермер хўжалигига ташриф буюришди. Бу ерда талабалар Тимур Панаев ҳамда фермер хўжалик мутахассислари томонидан кутиб олинди. Дастлаб, “Panaev Farms” фермер хўжалиги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Филиал талабалари умумий ер майдони 7 гектарни ташкил этадиган мазкур фермер хўжалигида парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини озиқлантириш рационлари билан яқиндан танишдилар ҳамда қорамол туёқларини тозалаш жараёнини кузатдилар. Шунингдек, сигирларни соғиш зали билан танишиб, сут соғиш жараёни билан яқиндан танишдилар. Филиал талабалари фермер хўжалик фаолиятини батафсил ўрганишга ва кўплаб керакли маълумотларни олишга муваффақ бўлишди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, бундан олдин ҳам А.Торешова филиал талабалари билан биргаликда бу ерга ташрифни амалга оширган эди. Ташриф якунида сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Panamilk” корхонаси раҳбари Т.Панаев билан келгусида филиал талабалари учун семинар ташкиллаштиришга келишилди. “Panaev Farms” фермер хўжалигига уюштирилган мазкур саёҳат талабаларда чин маънода ажойиб таассурот қолдирди. Шу билан бирга яхши амалий кўникмаларга эга бўлишди.
скачать dle 12.1